Вазира Юнусова қайнонасининг фикрини қандай ўзгартирганини гапириб берди: “Қайнонам мендан хафа бўлганди”

    Вазира Юнусова қайнонасининг фикрини қандай ўзгартирганини гапириб берди: “Қайнонам мендан хафа бўлганди”
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Актриса Вазира Юнусова қайнонаси дастлаб унинг келинлик вазифаларини бажармаётгани ҳақидаги гап-сўзлардан хафа бўлганини, аммо бир кун давомида ўзи билан бирга олиб юриб, кундалик машаққатли ҳаётини кўрсатгач, фикри ўзгарганини айтиб берди.
  • Юнусова қайнонасини эрталабдан кечгача ўзи билан бирга олиб юриб, келин салом, театр репетициялари ва томошаларида иштирок эттирган.

Актриса Вазира Юнусова "Daryo Lifestyle" кўрсатувида қайнонаси дастлаб унинг келинлик вазифаларини тўлиқ бажармаётгани ҳақидаги атрофдагиларнинг гап-сўзларидан хафа бўлгани, шундан сўнг турмуш ўртоғига қайнонасини олиб келишларини айтгани ва қайнонасини бир кун давомида ўзи билан бирга олиб юришга қарор қилгани ҳақида айтиб берди.

Актриса “Қайнонам маҳалладаги аёлларнинг гапларига ишониб, мендан хафа бўлган эканлар. “Келин хизмат қилмаяпти, қўни-қўшнилар ҳам гапиряпти”, деган гаплар етиб борган.

Шунда турмуш ўртоғимга “Ойижонимни олиб келинг”, дедим. Турмуш ўртоғимга ҳам айтмасдан бир кун қайнаномни ўзим билан олиб юрдим. Ўша пайтларда келин саломларга чиқардик. Эрталаб соат тўрт-бешда туриб, уларни ҳам келин саломга олиб бордим.

Икки-учта келин саломни ўтказиб, қайнонамни театрга олиб келганман. Уларни ўтқазиб қўйиб, соат биргача репетиция қилганман. Соат бирдан кейин чалларига кетганмиз. Қайнонам томоша қилиб ўтирганлар, мен эса чалларини ўтказиб, яна театрга қайтиб келганман. Қайнонам спектакль томоша қилиб ўтирганлар, мен эса саҳнада рол ижро этганман.

У ердан чиққач, кечқурун аёллар базмига бориб, уни ҳам ўтказиб, кейин уйга қайтганмиз. Қайнонам уйда дам олаётган бир пайтда мен болаларим ва турмуш ўртоғим учун кечки овқат тайёрладим. Уйларни супурдим, кирларни қўлда ювдим. Уларни ёйдим, ҳамма жойни тозалаб, кийимларни дазмолладим.

Турмуш ўртоғим ва болаларимнинг ишларини қилиб бўлгач, атиги икки-уч соат ухладим. Эрталаб яна куним бошланди.

Шунда қайнонамга: “Ойи, юринг, келин саломга”, деганимда: “Бўлди, бўлди, болам. Сиз бориб келаверинг. Мен сизнинг ҳаётингизни тушундим”, дедилар.

Кейин қўлларини очиб: “Боламни сизга топширдим. Сизларни Аллоҳга топширдим”, деб дуо қилдилар. “Ўсинглар, болам билан бахтли ҳаёт кечиринглар”, дедилар. Шундан кейин мени тушуниб, раҳмат айтдилар”, — дея ҳикоя қилди Вазира Юнусова.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар