Ҳувайдо Жумаева илк гонорари ва санъатдаги “рақобатчилари” ҳақида гапирди

Актриса Ҳувайдо Жумаева интервюларидан бирида илк гонорарини қандай сарфлагани, санъатдаги рақобатчилари ва ижод йўлидаги қийинчиликлар ҳақида гапирди.
Суҳбат давомида ундан илк гонорарини олганида у пулни нимага сарфлагани сўралди.
“Биринчи гонорарни олганда бошқача бўлади-ку. Одамнинг эсида қолади. Сиз нима қилгансиз у пулни?” — дея қизиқди журналист.
“Овқат еганман. Овқатга лойиқ гонорар берганда, мазза қилиб овқат еб олганман”, — дея ҳазил аралаш жавоб берди актриса.
Шунингдек, Ҳувайдо Жумаевадан санъатдаги рақобатчилари ким экани ҳам сўралди.
“Ўсиш бор жойда албатта рақобат бўлади, дейишади. Сизнинг санъатдаги рақобатчиларингиз ким?” — деган саволга актриса кулиб:
“Ким бўларди? Мен ҳозирги кунда рақобатчиларим Мистер Бин, Жим Керри — шуларни рақобатчи деб ҳисоблайман. Улар ўсишга қараганда, мендан орқада қолди”, — деди.
Суҳбатдош ундан санъатнинг ўзига ёқмайдиган, қийин жиҳати ҳақида ҳам сўради.
“Санъатнинг нони қаттиқ, тўғрими? Сиз учун санъатнинг энг ёқмайдиган тарафи қайси?” — дея савол берилди.
“Бу фақат санъатда эмас, ҳамма касбда бор қийинчилик. Йиллар сизни тоблайди, синайди, синовлардан ўтказади. Ана ундан кейин роҳат. Мен роҳат деган жойига келдим. Худо хоҳласа, ундан кейинги қийинчилик бўлмайди. Мазза қилиб ижод қиламиз, мухлисларимизнинг кайфиятини кўтарамиз”, — дея жавоб берди Ҳувайдо Жумаева.






























Изоҳлар 0
…