Маврикий қирғоқлари яқинида 18 метр чуқурликдан Қуръон топилди (видео)

Жанубий африкалик дайвер ва фотограф Иэн Хаггерти Маврикий қирғоқлари яқинида, океан сатҳидан тахминан 18 метр чуқурликда Қуръон нусхасини топган. Бу ҳақда MM News хабар берди.
Ҳодиса 2023 йил апрелида содир бўлган. Хаггерти навбатдаги шўнғиш вақтида денгиз тубида очиқ ҳолда ётган китобга дуч келган. У дастлаб уни журнал деб ўйлаган, бироқ кейинчалик китоб Қуръон нусхаси эканини аниқлаган.
Тарқалган видеода Қуръоннинг денгиз тубида очиқ ҳолатда ётгани кўринади. Айрим манбаларда очиқ саҳифаларда «Аъроф» сурасининг Нуҳ пайғамбар ва унинг қавми ҳақидаги оятлари кўрингани қайд этилган.
Хаггертининг ўзи Қуръоннинг денгиз тубига қандай тушиб қолгани ёки у ерда қанча вақт ётганини билмаганини айтган. У китобни топган ҳолича қолдирган. Орадан бир ҳафта ўтиб, айни жойга қайтганида эса Қуръон у ерда бўлмаган.
Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган. Бироқ Қуръоннинг денгиз тубида қанча вақт бўлгани ва у ерга қандай тушиб қолгани ҳозиргача аниқ маълум эмас.






























Изоҳлар 0
…