date
views 2 526

Истанбулда кучли зилзила юз берди (видео)

Истанбулда кучли зилзила юз берди (видео)
Бугун, 23 апрель куни Туркиянинг энг йирик мегаполиси – Истанбул шаҳрида кучли ер силкиниши қайд этилди. Mahalliy OAV тарқатган маълумотларга кўра, тектоник ҳаракатларнинг кучи 6,2 баллга етган. Зилзила маҳаллий вақт билан 12:49 да содир бўлган.

Туркиянинг Türkiye Today ахборот агентлиги хабар беришича, ер ости тебранишлари нафақат Истанбулнинг турли ҳудудларида, балки Бурса шаҳри ва атроф туманларда ҳам сезилган. Кутилмаган кучли тебраниш сабабли аҳоли ўртасида қисқа муддатли ваҳима юзага келган.

Ҳозирча маҳаллий ҳукумат ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида аниқ маълумот берилмади. Шунингдек, инфратузилмага етадиган зарарнинг кўлами ҳақида ҳам расмий маълумотлар йўқ.

Туркия зилзила тадқиқот марказлари ер силкинишлари яқин вақт ичида яна такрорланиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу ҳолат аҳолини эҳтиёткор бўлишга ва хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишга чорламоқда.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳам ҳозирги пайтда ушбу ҳудудда бўлган ватандошларга махсус мурожаат билан чиқиб, уларни эҳтиёткор ва осойишта бўлишга чақирди:

«Барча ҳамюртларимиздан расмий ахборот манбалари орқали берилаётган янгиликларни кузатиб боришни ва тегишли хавфсизлик чораларига амал қилишни илтимос қиламиз», – дейилади Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси тарқатган расмий мурожаатида.

Туркиядаги вазият билан боғлиқ қўшимча маълумотлар расмий манбалар орқали бериб борилади. Вазиятга доир кейинги хабарлар эълон қилиб борилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Истанбулда кучли зилзила юз берди (видео)