
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Италияга амалий ташрифи давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилиб, Россия ва Украина ўртасидаги вақтинчалик ярашув муддатини узайтириш ва уни узоқ муддатли тинчлик келишувига айлантириш зарурлиги ҳақида гапирди.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, Туркия ҳарбий ҳаракатлар бошланган илк кунданоқ, Москва ва Киев ўртасида адолатли ҳамда барқарор сулҳни таъминлаш тарафдори бўлиб келмоқда.
«Биз узоқ муддатли ва барқарор тинчликдан ҳеч қачон умид узмадик. Ҳатто энг кескин ва қаттиқ жангу жадаллар давом этган вақтда ҳам, Анқара тарафларни мулоқот столи атрофига тўплашга ва ўзаро тинчлик сўзлашувларини қайтадан бошлашга даъват этди», — деди Туркия президенти.
Шу билан бирга, Эрдўғон сулҳ жараёнининг энг нозик босқичларида вазият ўта сезгир бўлишини ва бу ҳолатдан турли фитналар ва ташқи аралашувлар учун фойдаланиш мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Бу жараённинг "заҳарланиши"га йўл қўймаслик керак. Россия ва Украина тинчлик масаласига ҳақиқий ва самимий ёндашув кўрсатиши зарур. Уруш ниҳоят якунланиши лозим, чунки бу нафақат икки мамлакат учун, балки бутун дунё хавфсизлиги учун жуда муҳим аҳамиятга эга», — деди сиёсатчи.
Туркия раҳбарининг фикрича, ушбу урушдан энг катта зарар кўрган томонлар Россия ва Украинанинг ўзидир.
«Адолатли тинчлик ўрнатилганда ютқазган томон бўлмайди. Ишончли ва узоқ муддатли тинчлик истиқболлари учун Москва ва Киев ўзаро ишонч муҳитини яратиш бўйича аниқ қадамлар қўйиши зарур. Туркия эса ўз навбатида бу жараёнга фаол ҳисса қўшишда давом этади», — дея қайд этди Эрдўғон.
Шунингдек, сиёсатчи Кипр масаласига ҳам тўхталиб ўтиб, оролдаги вазиятни фақат икки суверен давлатнинг мавжудлигини тан олиш орқали ҳал қилиш мумкинлигига урғу берди.
«Анқара Шимолий Кипр Турк Республикасини халқаро миқёсда тан олиш учун ҳаракатларни кучайтиришда давом этади. Ўйлайманки, бутун туркий дунё оролдаги биродарларимизни қўллаб-қувватлашда давом этади», — деди Туркия раҳбари.
Суҳбат давомида Эрдўғон Суриядаги мавжуд вазият ҳақида ҳам ўз муносабатини билдирди ва мамлакат учун энг катта таҳдид ҳали ҳам террорчилик ташкилотлари бўлиб қолаётганини қайд этди. У Сурияни федератив давлатга айлантириш бўйича таклифларни «хомхаёл ва реалликдан узоқ бўлган фикрлар» сифатида баҳолади.
Туркия ПрезидентиРоссия УкраинаУзоқ Муддатли СулҳТинчлик КелишувиАдолатли СулҳКипр Масаласи Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар