date
views 97

Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбуслар: "Бизни қийноқлар билан ўлдиришмоқда!"

Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбуслар: "Бизни қийноқлар билан ўлдиришмоқда!"
Исроил қамоқхоналарида сақланаётган минглаб фаластинлик маҳбуслар мунтазам қийноқ, зўравонлик ва тиббий эътиборсизлик туфайли аста-секин нобуд бўлмоқда. Бу ҳақида Брюсселда бўлиб ўтган "Фаластинлик маҳбусларни қўллаб-қувватловчи Европа альянси" конференциясида Фаластин асирлари уюшмаси раҳбари Абдулла ал-Зегарий маълум қилди.

"Ҳозирги пайтда Исроил қамоқхоналаридаги минглаб фаластинликлар инсон ҳуқуқларига зид келувчи шафқатсиз муносабат ва сиёсат туфайли секин-аста ҳаёт билан хайрлашмоқда. Уларнинг соғлиғи жисмоний ва руҳий зўравонлик туфайли жиддий хавф остида қолмоқда", — дейди ал-Зегарий.

Унинг сўзларига кўра, Исроил қамоқхоналаридаги вазият борасидаги маълумотлар озодликка чиққан собиқ маҳбуслар томонидан тасдиқланмоқда. Маҳбуслар билан учрашган адвокатлар ҳам бу ҳақда кўплаб далилларни келтиришган.

Абдулла ал-Зегарий айтишича, фаластинликлар қамоқхоналарда инсон шаънини ерга урадиган турли хил қийноқларга дучор этилмоқда. Улар орасида очликка маҳкум қилиш, соғлиқнинг жиддий ёмонлашишига олиб келадиган тиббий ёрдамдан маҳрум қилиш ва ҳатто жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳам кўплаб кузатилаяпти.

“Қамоқхоналар аслида қийноқ марказларига айланиб улгурган. У ерда сақланаётган инсонларнинг соғлиғи, қадр-қиммати ва инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда поймол этилмоқда", — дейди уюшма раҳбари ўз нутқида.

Шу билан бирга, Абдулла ал-Зегарий халқаро ҳамжамиятни фаластинлик маҳбуслар аҳволига жиддий эътибор қаратишга чақириб, инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бу вазият бўйича кескин чоралар кўришга ундади.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳолатга дунё мамлакатлари томонидан ўзига яраша баҳо берилиши ва халқаро миқёсда фаластинлик маҳбусларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши шарт. "Халқаро ҳамжамиятнинг фаластинлик маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги сукут сақлаши вазиятни янада оғирлаштиради ва инсон ҳуқуқлари бўйича стандартларнинг барбод бўлишига олиб келади", — деб қўшимча қилди ал-Зегарий.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбуслар: "Бизни қийноқлар билан ўлдиришмоқда!"