
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Москвада 9 май куни бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган ҳарбий парад тадбирида иштирок этган хорижий давлатларнинг дипломатик вакилларини чақиртириб, уларга расман демарш эълон қилди.
Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица мазкур дипломатик ҳаракатнинг сабабларини тушунтирар экан, 2022 йил февраль ойидан бери давом этаётган ва Россия томонидан олиб борилаётган кенг кўламли уруш шароитида хорижий давлатларнинг юқори мартабали дипломатик ва сиёсий шахслари томонидан Москвадаги парад тадбирида иштирок этилиши Киев томонидан «нодўстона ҳаракат» сифатида қабул қилинишини таъкидлади.
Украина ташқи ишлар идорасининг қайд этишича, Қизил майдондаги ушбу тадбирда хорижий амалдорларнинг иштирок этиши «Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари ва қаҳрамонлари хотирасини абадийлаштиришга ҳеч қандай алоқадор эмас» ва бу ҳаракат Украинанинг миллий хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига қарши йўналтирилган позицияни билвосита қўллаб-қувватлаш сифатида баҳоланмоқда.
Украина дипломатик манбалари томонидан берилган маълумотларга кўра, Москвадаги Ғалаба куни парадида жами 20 дан ортиқ хорижий давлат раҳбарлари, юқори даражадаги дипломатик вакиллар ва хорижий дипломатик миссиялар раҳбарлари иштирок этган. Ушбу тадбирда қатнашган дипломатлар энди Украина Ташқи ишлар вазирлигида норозилик баёноти билан таништирилган.
Маълумот учун: дипломатик амалиётда демарш муайян давлат томонидан ўз позициясини билдириш, халқаро муносабатларда содир бўлган воқеаларга муносабат билдириш, ёки норозиликни расмийлаштириш мақсадида қўлланиладиган дипломатик ҳаракат ёки расмий баёнот ҳисобланади.
Украина томонидан амалга оширилган мазкур дипломатик қадам халқаро ҳамжамият диққатини яна бир бор Киев ва Москва ўртасидаги давом этаётган зиддиятга жалб қилиши ва вазиятни янада кескинлаштириши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Фото: Евгения Новоженина / Reuters «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар