date
views 43

Хитойда самолёт йўловчиси «тоза ҳаво» истаб авариявий эшикни очиб юборди

Хитойда самолёт йўловчиси «тоза ҳаво» истаб авариявий эшикни очиб юборди
Хитойнинг Юннан провинциясида China Eastern Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт йўловчиси ноодатий ҳаракат билан ҳаммани лол қолдирди. Бу ҳақда Need to Know нашри хабар тарқатган.

Ҳодиса 12 май куни содир бўлган. Самолёт ерга қўниш жараёнини якунлаган ва қўниш йўлагида ҳаракатланаётган пайтда, йўловчилардан бири кутилмаганда авариявий эшикни очиб юборган. Маълум бўлишича, эркак бу ҳаракатини «тоза ҳаводан нафас олиш» истаги билан изоҳлаган. У авариявий чиқишнинг тутқичини тортиб, эвакуация учун мўлжалланган трапнинг очилишига сабаб бўлган.

Ҳолатдан ҳайратга тушган бошқа йўловчилар орасида ваҳима бошланган. Экипаж ходимлари вазиятни бартараф қилишга уринган, бироқ бу воқеа туфайли самолётнинг йўловчиларни тушириш жараёни тахминан 20 дақиқага кечиккан.

Ҳодиса жойига полиция чақирилган ва қоидабузар йўловчи полиция ходимлари томонидан ушланиб, ҳибсга олинган. Ҳозирги вақтда бу шахс 100 мингдан 200 минг юангача (тахминан 27,7 минг АҚШ долларигача) жаримага тортилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Авиация соҳаси экспертлари авариявий эшикларнинг бу тарзда очилиши ҳаво кемаси хавфсизлиги учун жиддий таҳдид бўлиши мумкинлигини таъкидлашди. Шунингдек, йўловчиларнинг бундай хатти-ҳаракати жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.

China Eastern Airlines авиакомпанияси ушбу воқеадан кейин йўловчилар хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида тушунтириш ишларини кучайтиришини билдирди. Шунингдек, авиакомпания бошқа йўловчилардан бундай ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаслик ва ҳаво кемасидаги хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраб қолган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда самолёт йўловчиси «тоза ҳаво» истаб авариявий эшикни очиб юборди