date
views 151

Европа Путин ва унинг атрофидагилар учун махсус трибунал ташкил этмоқда: Тарихий қарор қабул қилинди!

Европа Путин ва унинг атрофидагилар учун махсус трибунал ташкил этмоқда: Тарихий қарор қабул қилинди!
Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси Украинага қарши амалга оширилган босқинчилик жиноятлари бўйича халқаро Махсус трибунал ташкил этилиш жараёни бошланганлигини расман маълум қилди. Жаҳон ОАВларида бу трибуналга "Путин учун трибунал" деган рамзий ном ҳам бериб улгурилди.

Бу муҳим ва тарихий қарор Европа Кенгаши вазирлари томонидан 14 май куни ўтказилган йиғилишда қабул қилинган. Европа Кенгаши бош котиби Ален Берсга трибунални ташкил этиш ва унинг иш жараёнларини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Deutsche Welle ахборот агентлиги ўзининг дипломатик доиралардаги манбаларига таянган ҳолда, трибунални ташкил қилиш билан боғлиқ барча техник ва ҳуқуқий жараёнлар 2025 йил охири ёки 2026 йилнинг бошига келиб якунланишини тахмин қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида қарийб 40 та давлат, Европа Иттифоқи комиссияси, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат хизмати ҳамда Европа Кенгашининг турли институтларини бирлаштирган махсус ишчи гуруҳи мазкур халқаро трибуналнинг техник жиҳатлари бўйича асосий лойиҳани якунлаган эди.

Айтиш жоизки, мазкур махсус трибунал, биринчи навбатда, Россия Федерациясининг юқори лавозимли мансабдорларидан иборат 20 нафар шахс устидан суд жараёнини ўтказишни режалаштирган. Ушбу шахслар Украина ҳукумати томонидан тайёрланадиган махсус рўйхатга киритилади ва улар ўз лавозимига боғлиқ функционал иммунитетлари билан ҳимоялана олмайдилар. Ушбу шахслар Россия томонидан Украинага нисбатан амалга оширилган агрессияни режалаштириш, тайёрлаш ва амалга ошириш учун масъул бўлган юқори даражали сиёсий ва ҳарбий раҳбарлардир.

Трибуналнинг дастлабки босқичида жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар орасида Россия президенти Владимир Путин, бош вазир Михаил Мишустин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров каби энг юқори мартабали мансабдор шахслар ҳам бор. Бироқ улар ўз лавозимларида қолиб турган вақтда бевосита судга тортила олмаслиги мумкин. Шунга қарамасдан, улар устидан тергов ҳаракатлари амалга оширилади, далиллар йиғилади ва айблов хулосалари тайёрланади.

Айрим ҳуқуқий манбаларнинг таъкидлашича, юқори мартабали мансабдор шахсларга нисбатан судга чақирув ва ҳибсга олиш ҳақидаги қарорларни қабул қилиш учун, авваламбор, уларнинг дипломатик ва функционал иммунитетлари олиб ташланиши лозим. Шунинг учун ҳам Путин, Мишустин ва Лавров устидан суд жараёнининг сиртдан ўтказилиши эҳтимоли мавжуд.

Бу трибунал халқаро ҳамжамиятнинг Россияга қарши амалга оширган босқинчилик жиноятлари учун ҳуқуқий жавоб қайтариш йўлидаги муҳим бир босқичи бўлиши тахмин қилинмоқда.

Zamin.uz таҳририяти ушбу халқаро ва тарихий аҳамиятга эга бўлган жараёнларни диққат билан кузатиб боради ва янгиликларни ўз вақтида эътиборингизга етказишда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа Путин ва унинг атрофидагилар учун махсус трибунал ташкил этмоқда: Тарихий қарор қабул қилинди!