15 йил девор ортида яширилган кутубхона қайта топилди (видео)

15 йил девор ортида яширилган кутубхона қайта топилди (видео)

Сурияда 15 йил давомида уй девори ортида яшириб келинган юзлаб китоблар қайта топилди. Абу Билол исмли эркак 2011 йилда хавфсизлик вазияти оғирлашган пайтда қимматли кутубхонасини сақлаб қолиш мақсадида китобларни уйидаги девор ортига беркитган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Маълум қилинишича, Абу Билол китобларни яширгач, уларнинг устидан бетон девор қурган ва кейинчалик оиласи билан Сурияни тарк этган. У 15 йилга яқин вақт ўтиб, уйига қайтгач, деворни болға ёрдамида бузган.

Девор ортидан юзлаб китоб ва журналлар, диний адабиётлар, қўлёзмалар, Қуръон ўқишга оид гувоҳномалар ҳамда шахсий ҳужжатлар топилган. Манбаларга кўра, кутубхонанинг катта қисми йиллар давомида ёпиқ жойда турганига қарамай, яхши ҳолатда сақланиб қолган.

Мазкур лаҳзалар Абу Билолнинг ўғли, ёзувчи ва фаол Билал Аллун томонидан видеога олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланган. Видеода эркак деворни бузиб, йиллар давомида яширинган китобларини бирма-бир чиқараётгани акс этган.

Қайд этилишича, кутубхона Абу Билол учун шунчаки китоблар тўплами эмас, балки йиллар давомида асраб келган қимматли мероси бўлган. Унинг 15 йилдан сўнг яна китоблари билан учрашгани ижтимоий тармоқларда ҳам катта қизиқиш уйғотган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар