date
views 153

Трампнинг Қатарга ташрифи: АҚШ 1,2 триллион долларлик тарихий битимларга эришди!

Трампнинг Қатарга ташрифи: АҚШ 1,2 триллион долларлик тарихий битимларга эришди!
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ мамлакатларига сафари давомида навбатдаги манзили Қатар давлати бўлди. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги даражага кўтаргани таъкидланмоқда. Оқ уй матбуот хизмати томонидан берилган маълумотга кўра, икки мамлакат раҳбарлари иқтисодий ва мудофаа соҳалари бўйича умумий қиймати 1,2 триллион доллардан ортиқ бўлган йирик шартномаларни имзолашга муваффақ бўлган.

Бу тарихий битимларни имзолаш жараёнида президент Трамп ва Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад ол Соний иштирок этган. АҚШ маъмуриятининг таъкидлашича, ушбу келишувлар мамлакат иқтисодиёти учун «янги Олтин аср» эшикларини очиб беради ва келажак авлодларга фаровонлик ҳамда инновациялар имкониятини яратади.

Биринчи галда, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик эътибор марказида бўлди. Қатар АҚШнинг энг йирик мудофаа компанияларидан замонавий ҳарбий техника сотиб олиш бўйича келишувларга эришди. Хусусан, дунёда ўзининг юқори технологиялари билан машҳур бўлган Райтҳеон (Raytheon) компаниясидан замонавий дронларга қарши курашиш учун мўлжалланган махсус FS-LIDS (Raytheon Fixed Site – Low, Slow, Small Unmanned Aerial System Integrated Defeat System) тизимларини харид қилади. Шу билан Қатар ушбу инновацион мудофаа технологияларининг илк халқаро харидори бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Қатар яна бир АҚШ мудофаа компанияси – General Atomics билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлади. Бу ҳамкорлик доирасида Қатар 2 миллиард долларга баҳоланган энг янги учувчисиз учиш аппаратлари (MS-9B) билан ўз қуролли кучларини таъминлашни режалаштирмоқда.

Мудофаа соҳасидаги шартномалар билан биргаликда иқтисодий ҳамкорлик йўналишида ҳам қатор муҳим битимларга имзо чекилди. Хусусан, дунёдаги йирик авиакомпаниялардан бири ҳисобланган Qatar Airways АҚШнинг машҳур самолётсозлик концерни Boeing билан катта ҳажмда шартнома имзолади. Ушбу шартнома бўйича Қатар авиакомпанияси 160 та энг замонавий самолётни сотиб олади, битимнинг умумий қиймати эса тахминан 200 миллиард долларни ташкил этади.

Президент Доналд Трамп ушбу битимларнинг имзоланишини юқори баҳолаб, бундай йирик миқёсдаги келишувларни АҚШ иқтисодиётининг янги босқичга ўтишида муҳим қадам сифатида қайд этди. «Бу битимлар орқали биз мамлакатимизда ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантирамиз, янги иш ўринлари яратамиз ҳамда Американинг дунёдаги технологик етакчилигини янада мустаҳкамлаймиз», — деди АҚШ президенти ўз чиқишида.

Оқ уй вакиллари мазкур шартномаларни нафақат иқтисодий аҳамиятини таъкидлаб, балки уларнинг стратегик жиҳатдан ҳам муҳимлигини алоҳида қайд этдилар. Уларнинг таъкидлашича, АҚШ ва Қатар ўртасидаги бундай йирик келишувлар минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Экспертлар ҳам бу келишувларни ижобий баҳолаб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг келажакда янада чуқурлашишига ишонч билдиришмоқда.

Zamin.uz таҳририяти дунё сиёсат ва иқтисодиётидаги муҳим ўзгаришларни кузатишда давом этади!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг Қатарга ташрифи: АҚШ 1,2 триллион долларлик тарихий битимларга эришди!