
Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган туннелдан ҲАМАС ҳаракатининг юқори мартабали раҳбари Муҳаммад Синварнинг жасади топилгани ҳақида Al Arabiya телеканали ўз манбаларига асосланиб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Муҳаммад Синвар бир неча кун олдин Исроил ҳарбий авиациясининг зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. У билан бирга туннелда яна 10 нафар ёрдамчисининг ҳам жасади топилган. Ҳозирда бу жасадлар Хон Юнусдаги Европа шифохонаси ҳудудидан чиқарилгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 13 май куни Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Хон Юнус шаҳридаги Европа шифохонасига йирик кўламдаги авиация зарбасини амалга оширган эди. Исроил томони ушбу шифохона остида ҲАМАС ҳаракатининг асосий қўмондонлик пункти борлигини маълум қилган.
Бироқ Исроил Мудофаа армияси расмий равишда ҳозирча Муҳаммад Синварнинг ўлдирилганлигини тасдиқлаган эмас. Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац парламент ташқи ишлар ва мудофаа қўмитасига бу ҳақида ҳозирча аниқ тасдиқ мавжуд эмаслигини айтган бўлса-да, “барча мавжуд маълумотлар унинг йўқ қилинганига ишора қилмоқда”, дея қўшимча қилган.
Муҳаммад Синвар 2024 йил октябрида Исроил ҳарбий амалиёти натижасида Ғазода ҳалок бўлган ҲАМАС етакчиси Яҳё Синварнинг укаси ҳисобланади. Унинг акаси Яҳё, 2023 йил августида ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилганидан сўнг ушбу лавозимга тайинланган эди.

Муҳаммад Синвар ёшлигиданоқ ҲАМАС сафига қўшилган ва охирги йилларда ҳаракатнинг етакчи шахсларидан бирига айланганди. Исроил махсус хизматлари аввал ҳам уни йўқ қилишга бир неча бор уринишган, аммо бу уринишлар натижасиз якунланган эди.
Zamin.uz таҳририяти мазкур ҳолат юзасидан қўшимча янгиликларни диққат билан кузатиб, ўз ўқувчиларига етказиб боришда давом этади.
Фото: REUTERS
Ғазо СекториХон ЮнусМуҳаммад СинварҲАМАС ҲаракатиИсроил ҲарбийАвиация ЗарбасиЕвропа ШифохонасиЯҳё СинварИсмоил Ҳания Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар