
Жаҳон чемпионати саралаши доирасида 5 июнь куни Абу-Дабида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ҳамда БАА терма жамоалари ўртасидаги ҳал қилувчи ўйин олдидан кескинлик ошиб бормоқда. Аммо бу кескинлик футбол майдонидан ташқарида, аэропортларда ва мухлислар орасида кузатилмоқда. Маълум бўлишича, БААга борган кўплаб ўзбекистонлик журналист ва мухлислар ҳеч қандай расмий тушунтиришсиз соатлаб ушлаб турилган, баъзилар эса бир суткагача аэропортларда қийин аҳволда қолган.
Мавжуд маълумотларга кўра, Абу-Даби ва Шаржа аэропортларидаги бу ҳолатлар шу пайтга қадар давом этмоқда. Аниқ изоҳ бермасдан туриб, айрим журналистларга мамлакатдан депортация қилиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантиришлар берилгани айтилмоқда. Аммо БАА расмийлари томонидан ҳозирча бу ҳолатларга нисбатан бирор расмий баёнот берилмаган.
"Дарё" нашрининг Абу-Дабидаги ишончли манбасига кўра, вазиятни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг БААдаги дипломатик консулликлари аралашишга мажбур бўлган. Айрим журналистларга нисбатан чиқарилган депортация қарорлари дипломатлар аралашуви билан бекор қилинган ва улар мамлакат ҳудудига кириб келишга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, дипломатик вакиллар аэропортларда қийинчиликка учраган бошқа ўзбекистонликлар билан ҳам ишлашни давом эттирмоқда.
Бироқ, вазиятни янада оғирлаштираётган асосий масала жавобсиз қолмоқда: айнан футбол ўйини арафасида ўзбек мухлислари ва журналистларига бундай чекловлар нима сабабдан қўлланмоқда?
Таҳлилчилар ва журналистларнинг фикрича, бу ҳеч қандай тасодифий текширув ёки тартиб-интизом тадбирлари эмас, балки психологик босим ва рақибни рухий жиҳатдан синдиришга қаратилган ҳаракатлардир.
Ўзбекистонлик журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг маълум қилишича, БААда фаолият юритаётган бир ўзбек тадбиркори маҳаллий полиция идорасига чақиртирилган. У ерда тадбиркорга ходимларининг футбол учрашувига ташриф буюриб, жамоавий тарзда қўллаб-қувватлаш ҳаракатларини амалга оширган тақдирда, мамлакатдан депортация қилиниш эҳтимоли ҳақида жиддий огоҳлантириш берилган ва расмий тарзда тилхат имзолатилган. Бу ҳолат эса вазиятнинг оддий бўлмаганидан дарак беради.

Айрим хабарларга кўра, Ўзбекистон мухлисларига стадионга миллий байроқ, доира, сурнай каби овозли воситалар олиб киришга ҳам тақиқлар ўрнатилиши мумкин. Бу каби чекловлар эса спортнинг тамойилларига ва мухлислар ҳуқуқларига зиддир.
Журналист Азамат Умаров ҳам шу мавзуда ўз фикрини билдириб ўтган. Унинг таъкидлашича, ўзбекистонлик мухлисларга нисбатан қўйилаётган чекловлар спортчилик руҳига мутлақо мос келмайди ва бунинг ортида аниқ сиёсий ва психологик босим турибди.

Тележурналист Ҳасан Турдиалиев эса ўзининг Telegram каналида вазиятнинг қанчалик оғирлигини ёритиб берган. У ҳам БАА аэропортида ушлаб турилган ва бир неча ўзбекистонликнинг паспортлари ҳеч қандай асос кўрсатилмасдан олиб қўйилганини маълум қилган. Ҳатто консулликнинг аралашуви ҳам тезкор ечим топишига имкон бермаган.
Футболнинг асл қоидасида рақобат фақат ва фақат майдон ичида бўлиши лозим. Бироқ БААдаги ҳолатлар футбол этикаси ва мухлислар ҳуқуқлари нуқтаи назаридан жуда катта саволларни пайдо қилмоқда. Темур Кападзе бошчилигидаги миллий жамоамизга бундай ташқи босимларга қарамасдан, ўз руҳиятини сақлаб қолиб, муҳим ўйинга эътиборини қаратиш талаб этилади.
Бу каби босимларга қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинга шай экани, бу қийинчиликлар футболчиларнинг кайфиятига таъсир қилмаслигига умид қилинади. Фақат майдондаги соф футбол ҳал қилувчи бўлсин!
Фото: Х/ШерзодРажабов «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар