АҚШ ўзга сайёраликлар билан боғлиқ эҳтимолга тайёргарлик кўрмоқда

АҚШ махсус хизматлари ўзга сайёраликлар пайдо бўлган тақдирда қандай ҳаракат қилиш бўйича махсус режа ишлаб чиққан. Бу ҳақда америкалик олимларга махсус хизматлар раҳбарияти билан ўтказилган учрашув чоғида маълум қилинган. Қолаверса, АҚШ келажакда ўзга сайёраликлар билан алоқа ўрнатиш масаласида дунёда етакчи мавқени эгаллашни истамоқда. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур учрашув Миллий разведка директори идорасида бўлиб ўтган. Унда махсус хизматлар вакиллари ҳукумат томонидан НУЖларни ўрганиш мақсадида тузилган илмий кенгаш аъзоларини қабул қилган.
Ушбу кенгаш таркибига психолог доктор Женнис Вилҳауэр, Гарвард университети астрономи профессор Ави Лёб ҳамда иммунология соҳасида тадқиқот олиб борувчи профессор Гарри Нолан киради. Учрашув якунланганидан сўнг Вилҳауэр Substack онлайн платформасида АҚШ ҳукуматининг ўзга сайёраликлар пайдо бўлиши билан боғлиқ эҳтимолий режаси ҳақида маълумот берди.
Вилҳауэрнинг таъкидлашича, бундай режанинг мавжудлиги АҚШ ҳукумати ўзга сайёраликлар борлигини тан олган, дегани эмас. Шунингдек, бу Вашингтон расмийлари шундай баёнот беришга тайёрланаётганини ҳам англатмайди.
Бироқ психологнинг фикрига кўра, АҚШ ҳукумати бундай эҳтимолни жуда жиддий қабул қилмоқда. Унинг таъкидлашича, айнан шу ҳолатнинг ўзиёқ катта аҳамиятга эга.
«Биргина шунинг ўзи катта аҳамиятга эга», деди психолог.
Вилҳауэрнинг баҳолашича, ўзга сайёраликлар билан илк мулоқот юз берган тақдирда, унинг оқибатлари ниҳоятда жиддий бўлиши мумкин. Шу боис бундай фавқулодда вазиятга нисбатан олдиндан келишилган ва мувофиқлаштирилган жавоб чораларини ишлаб чиқиш талаб этилади.
Шу билан бирга, психолог режанинг аниқ тафсилотларини ошкор қилмади. Масалан, у қандай вазиятларда режа ишга туширилиши, қайси давлат идоралари томонидан қандай чоралар кўрилиши ҳақида маълумот бермаган. Шу сабабли ҳозирча бу масалаларнинг аксарияти жамоатчилик учун номаълумлигича қолмоқда.
Вилҳауэрнинг сўзларига кўра, ўзга сайёраликлар борлиги тасдиқланган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларга жиддий тайёргарлик кўриш зарур. Бу жараён нафақат махсус хизматлар, балки жамиятнинг турли соҳалари вакилларини ҳам қамраб олиши керак бўлади.
Хусусан, полиция ходимлари, ўқитувчилар, тиббиёт мутахассислари, руҳий саломатлик соҳаси вакиллари, дин уламолари, фуқаро муҳофазаси ходимлари ҳамда маҳаллий ҳокимият вакилларини бундай эҳтимолий вазиятга тайёрлаш талаб этилади.
Бундан ташқари, ишончли ёрдам пунктларини ташкил этиш ҳам муҳим вазифалардан бири сифатида кўрилмоқда. Бундай марказлар жамоатчиликка ишончли ва тушунарли ахборот етказиш, шунингдек, дунёқараши кескин ўзгариб, қўрқув ёки хавотирга тушган инсонларга узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш учун керак бўлади.






























Изоҳлар 0
…