date
views 605

Россияда IELTS топшириш қамоқ жазосига олиб келиши мумкин!

Россияда IELTS топшириш қамоқ жазосига олиб келиши мумкин!
Россия Федерациясида халқаро тил сертификати сифатида кенг тарқалган IELTS имтиҳонини топшириш фуқаролар учун жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси ва Федерал хавфсизлик хизмати томонидан берилган расмий огоҳлантиришларда таъкидланди.

Ҳозирда имтиҳонни ташкиллаштирувчи British Council ташкилоти Россияда “номақбул” деб топилди. Прокуратура даъволарига кўра, British Council ўзининг таълим ва маданий фаолияти орқали Буюк Британия манфаатларини, шу жумладан, ЛГБТ тарғиботини яширин равишда илгари сурмоқда.

Бош прокуратуранинг расмий баёнотига кўра, ташкилот "маърифий фаолият ниқоби остида Британия қадриятларини" тарқатишга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли, ушбу ташкилот билан ҳамкорлик қилган ёки унинг тадбирларида иштирок этган шахслар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 284.1-моддасига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин.

Халқаро ҳуқуқшунос Артём Клига таъкидлашича, ҳатто IELTS имтиҳонини чет элда топшириш ҳам “номақбул ташкилотни молиялаштириш” сифатида баҳоланиши эҳтимоли бор. Бундай ҳолда шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бундан ташқари, British Council фаолиятига оид ҳаволалар, материаллар ва реклама турларини жамоатчиликка тақдим этиш Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 20.33-моддасига мувофиқ “номақбул ташкилот фаолиятида иштирок этиш” сифатида баҳоланади.

Юрист Анастасия Буракова фикрига кўра, жисмоний шахсларга 15 минг рублгача, юридик шахсларга эса 100 минг рублгача жарима солиниши мумкин.

2021 йилда “Oxford Russia Fund” ҳам шундай мақомга эга бўлган ва шундан бери илмий, маърифий фаолият билан боғлиқ кўплаб халқаро лойиҳалар тўхтатилган эди.

Мамлакатдаги ўқувчи ва талабалар ҳамжамияти орасида мазкур қарор катта шов-шувга сабаб бўлди. Чунки IELTS нафақат таълим соҳасида, балки ишга жойлашиш ва кўчиш жараёнларида ҳам асосий талаблардан бири ҳисобланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда IELTS топшириш қамоқ жазосига олиб келиши мумкин!