date
views 24

“Ўргимчак тўри”га Россиянинг жавоби қандай бўлади?

“Ўргимчак тўри”га Россиянинг жавоби қандай бўлади?
“Геосиёсат” ҳафталигида сиёсий таҳлилчилар Украина махсус хизматларининг “Ўргимчак тўри” операциясига Россиянинг жавобини муҳокама қилди.

Абдували Сойибназаров: Менимча, 6 июн куни Россия 400 дан ортиқ дронлар билан қилган ҳужумни шу жавоб зарбаси сифатида талқин қилсак бўлади. Албатта, бу зарбалар аввалгиларига нисбатан шов-шувли эмас. Балки бунга Доналд Трамп билан бўлиб ўтган телефон сўзлашуви ҳам таъсир қилгандир. Яъни Владимир Путин Европа давлатлари ёки НАТО томонидан қилинадиган таҳдидлардан эмас, балки Трампнинг босимидан кўпроқ хавотир олади деб ўйлайман.

Масалан, шу кунларда АҚШдаги бир қанча сенаторлар Россиядан нефт, нефт маҳсулотлари, табиий газ ёки уран сотиб олувчи мамлакатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга 500 фоизлик божлар жорий қилинадиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқишяпти. Бу қонун имзоланса, Кремл учун жиддий зарба бўлади.

Бектош Бердиев: Украинанинг “Ўргимчак тўри” операциясига нисбатан Россиянинг жавоб зарбаси деган гапларга қўшилмайман ва бу мантиқан нотўғри. Чунки Украинанинг беш аэродромга қилган ҳужуми аслида Россияга жавоб зарбаси эди. Сабаби Россия 2022 йилдан буён доимий тарзда Украинага ракета зарбалари ёғдиради. Россия бугунги кунгача бор имкониятидан фойдаланиб келяпти. Москва доимгидек урушни давом эттиради холос.

Албатта, Россияда бугун танклар, ўқ-дорилар, гаубицалар ва умуман ҳарбий қурилмалари кўп, лекин фронтдаги вазиятни кескин ўзгартира оладиган натижалар қилишни уддалай олмаяпти. Шунинг учун ҳам Россиядан сенсацион жавоб зарбасини кутмаслик керак, доимгидек уруш олиб боришда давом этаверади.

Зокир Усмонов: Ҳақиқатан, Россия томонидан ҳам жиддий зарбалар бўлгани йўқ, чунки муҳим зарбаларнинг катта қисми Ту-95, Ту-160 орқали берилар эди. Украина махсус операцияси рақибнинг бу йўналишдаги имкониятларини чеклади. Бундан ташқари, Зеленский ўз чиқишида: “Агарда Россия яна ўзини шунақа тутадиган бўлса, яна бошқа бир зарбалар ҳам бўлиши мумкин” деган баёнот ҳам берди. Яъни Россия таваккал қилмади, чунки Туркиядаги музокараларда Мединский Украина шаънига нисбатан кескин гаплар айтган эди.

Россия тасаввурида Украинанинг асосий қўлловчиси бу – АҚШ, Трамп эса Украинани ёлғиз қолдираётгандек эди. Киев, мана, энди биз билганимизни қиламиз, дегандай мустақил операция ўтказди. Натижада Россиянинг стратегик авиацияси катта йўқотишларга учради.

Шуҳрат Расул: Украинанинг “Ўргимчак тўри” операцияси натижасида Россия ядро триадасининг бир қисми йўқ қилинди. Украиналик айрим фаоллар айтишича, бу биринчи қисм экан. Яъни бунинг давоми ҳам бўлиши мумкин. Яқинда ижтимоий тармоқларда фавқулодда бир хабарлар тарқалди, Россиянинг ядро қуроллари ва инфратузилмаси ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлди (2025 йил июн ойида нашр этилган ҳужжатлар Россия ядро инфратузилмаси кенгайтирилганидан далолат беради, бу ҳужжатларда Ясний ҳудудидаги ядро базалари, Авангард гиперсоник ракеталарини жойлаштириш ва мустаҳкамлаш ишлари ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд – таҳр.). Қандай ядро қуроллари, мамлакатнинг қайси нуқтасига жойлаштирилгани ҳақидаги махфий ҳужжатларнинг сизиб чиқиши ҳақидаги хабарларга Россия томони муносабат билдирмаяпти. Чунки улар ҳам навбатдаги эҳтимолий нишон бўлиши мумкин.

Украинанинг кейинги нишони сувости кемалари бўлиши мумкин экан. Бу ҳақда рус фаоллари ҳам ёзяпти.
***
Сиёсий таҳлилчилар эфир давомида Трамп ва Маск ўртасидаги низонинг янги тафсилотлари, Россия ва Украина дронларининг салоҳияти, Озарбойжоннинг “Аср шартномаси” каби ҳафтанинг долзарб мавзуларини муҳокама қилишди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Ўргимчак тўри”га Россиянинг жавоби қандай бўлади?