date

Эрон ядровий зарба билан Исроилга жавоб беришга тайёр

Эрон ядровий зарба билан Исроилга жавоб беришга тайёр
Яқин Шарқдаги тарғиботлар яна кескинлашмоқда. Эрон Ислом Республикаси Исроилга қарата жиддий огоҳлантириш билан чиқди: агар Исроил Эрон ядровий объектларига зарба берса, Теҳрон Исроилнинг яширин ядровий инфратузилмаларига қарши жавоб зарбаси беришдан тортинмаслигини маълум қилди.

Бу ҳақда Эрон Миллий Хавфсизлик Олий Кенгаши томонидан берилган баёнотда айтиб ўтилди. Расмий Теҳроннинг баёнотига кўра, ҳар қандай провокация ва ҳужумга нисбатан мамлакат мутаносиб равишда жавоб қайтаради.

Эрон Ахборот ва Миллий Хавфсизлик вазири Исмоил Хатибнинг айтишича, Эрон разведка хизмати Исроилнинг махфий ядровий дастурига оид ҳужжатларни қўлга киритган. Унинг таъкидлашича, ҳужжатлар ядровий объектлар жойлашуви, иншоот лойиҳалари ва стратегик маълумотларни қамраб олган.

«Биз Исроилнинг ядровий инфратузилмалари ҳақидаги барча маълумотларни олдик. Агар керак бўлса, уларни очиқлаймиз ва шунга яраша жавоб чораларини кўрамиз», — деди Исмоил Хатиб. У, шунингдек, мазкур маълумотлар яқин орада жамоатчиликка эълон қилинишига ваъда берди.

Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, бу каби баёнотлар Яқин Шарқдаги мураккаб геосиёсий вазиятни янада чигаллаштириши мумкин. Ядровий таҳдидлар фақат икки давлат ўртасида эмас, балки бутун минтақада хавфсизлик мувозанатига таъсир кўрсатиши эҳтимоли ҳам бор.

Таҳлилчилар Эроннинг бу баёнотини дипломатик босим воситаси сифатида баҳоламоқда. Аммо бу билан бирга, ҳарбий тўқнашув хавфи ҳам инкор этилмаяпти. Минтақадаги барқарорлик тақдири халқаро жамоатчилик учун муҳим синов бўлиб қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон ядровий зарба билан Исроилга жавоб беришга тайёр
-->