
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилнинг Эронга қарши уюштирган ҳарбий операцияси ҳақида жуда қатъий баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, бундай тажовуз Ғарб томонидан сўзсиз қўллаб-қувватланаётган Исроилнинг ўзини жазодан холи, деб ҳисоблаши натижасидир.
“Исроил Ғарбнинг чексиз ёрдамига суяниб, Эронга ҳужум қилмоқда, Ғазони ер билан битта қилмоқда ва минтақа давлатларини менсимаяпти. Лекин у ўз қилмишларининг оқибатини англамаяпти. Эҳтимол, келажакда тушуниб етар, аммо биз жуда кеч бўлишидан хавотирдамиз”, – деди Туркия раҳбари Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг халққа қилган мурожаатида.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, минтақада юз бераётган ҳар бир воқелик бутун дунёга таъсир қилади. “Биргина мамлакатнинг ички муаммоси деб қаралган воқеа бутун жаҳон хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Эронга қилинган ҳужум фақатгина Эрон масаласи эмас. Бу – бутун минтақа ва жаҳон хавфсизлигига таъсир этувчи ҳолат”, деди у.
Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётни бошлаганини эълон қилди. Расмий Тель-Авив бу операцияни Эроннинг ядровий дастури “қайтиб бўлмас нуқта”га яқинлашгани билан изоҳлади. Ҳужумлар атом объектлари, ҳарбий база ва ядро соҳасидаги мутахассисларга йўналтирилди.
Эрон эса бу ҳаракатларга қаттиқ жавоб қайтармоқда. Теҳрон Исроилга қарши юзлаб ракеталар ва дронлар учириб, ҳарбий ва саноат объектларини нишонга олмоқда. Қарши томонлар ўртасидаги тўқнашувлар кундан-кунга кучайиб, тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бормоқда.
Исроил манбаларига кўра, Эроннинг зарбалари натижасида 20 дан зиёд инсон ҳалок бўлган, 600 киши тан жароҳати олган. Эрон эса ўз томонида 220 дан зиёд қурбонлар ва 1200 нафардан ортиқ жароҳатланганлар борлигини маълум қилган.
Икки давлат ҳозирги кунда кундалик ўзаро зарбалар алмашиш ҳолатига келган. Исроил Эроннинг ядровий имкониятларини бутунлай йўқ қилмагунча, амалиётни тўхтатмаслигини билдирди. Эрон эса бомбардимонлар тўхтамаса, ўз ҳимоясини давом эттиришини аниқ баён қилмоқда.
Туркия президентининг мурожаати ушбу кенг кўламли ҳарбий зиддият дунё миқёсида қандай оқибатларга олиб келишини эслатиб турибди. Минтақада тинчлик ва барқарорлик тикланиши учун барча томонларни сабр ва сиёсий ечим сари чорлаш зарур. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар