
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШнинг 22 июнь куни Эрондаги ядровий иншоотларга амалга оширган ҳаво зарбасини очиқдан-очиқ маъқуллади. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар тарқатди. Президент Зеленский ўз нутқида Россиянинг Украинага қарши Эронда ишлаб чиқарилган Shahed дронларидан фойдаланаётганини эслатиб, бундай қуролларнинг қайси манбаадан келиб тушаётгани барчага маълумлигини таъкидлади.
Унинг фикрича, Эроннинг Россияни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши Украина ва бошқа қатор давлатлар учун қайғули оқибатларга, вайронагарчилик ва инсон қурбонларига сабаб бўлди. “Бу фожиавий йўлга, ядро қуроли хавфига нуқта қўйиш лозим”, дея урғу берди Зеленский.
Давлат раҳбари замонавий дунёда ядро қуролларининг тарқалишига умуман йўл қўйилмаслиги, ҳар қандай ҳарбий можарода бу каби қуролларни қўллаш ҳақида ўйлаш ҳам ноўрин эканини айтиб ўтди. “Бу йўналишда Америка Қўшма Штатларининг қатъияти, президент Трампнинг принципиал қарашлари муҳим аҳамиятга эга”, — деди Зеленский.
Шунингдек, у барча минтақаларда, жумладан, Яқин Шарқда, Форс кўрфазида, Европа ва Украинада тинчликни таъминлашда дипломатия устувор аҳамият касб этиши кераклигини таъкидлади.
Киевга қилинган ҳужум ва оқибатлар
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Россия 23 июнь куни Украина пойтахти Киевга янги ҳужум уюштирди. Бу воқеа оқибатида беш нафар инсон ҳалок бўлиб, 13 киши жароҳат олди. Рақиб томонидан йўлга қўйилган ракета ҳужумлари фақат ҳарбий объектлар эмас, балки турар жой бинолари, бизнес маркази, мактаб, метро бекати ва бошқа ижтимоий иншоотларга ҳам зарар етказди. Шунга қарамай, украиналик қутқарувчилар 10 кишини, жумладан, икки бола ва бир ҳомиладор аёлни тирик қолдира олди.
Америка – Эрон зиддиятининг янги босқичи
22 июнга ўтар кечаси АҚШ Эрондаги учта муҳим ядровий объектга авиация ва сувости кемалари орқали йирик ҳужум амалга оширди. Американинг B-2 стратегик самолётлари тоғ ичида жойлашган Фордо уран бойитиш марказига камида ўнлаб тонна оғирликдаги GBU-57 бункербустер бомбаларини ташлади. “Ярим тун болғаси” номи билан тарихга кирган операция доирасида нишонларга 75 та бомба ташлангани қайд этилган.
Бир вақтнинг ўзида сувости кемалари Натанз ва Исфаҳон ядро объектларига тахминан 30 та Tomahawk қанотли ракеталарини йўналтирди. АҚШ президенти Трамп ҳужумдан сўнг нишонлар тўлиқ йўқ қилинганини эълон қилди.
Жавоб тариқасида Эрон Исроилга бир неча баллистик ракеталар учирди ва илк бор 2 минг километр масофага учадиган энг янги Kheibar моделидан фойдаланди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса, “АҚШ бу ҳаракати билан нафақат Эронга, балки ўз халқига ҳам хиёнат қилди”, деб баёнот берди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар