Турист сувга сакраб, фожиали ҳалокатга учради

Туркияда таътилни оиласи билан ўтказаётган турист меҳмонхона соҳилидаги сув усти йўлакчасидан чуқурлиги атиги 50 сантиметр бўлган сувга боши билан сакраганидан сўнг ҳалок бўлди.
39 ёшли Ариф Эрман жума куни, 4 сентябрь, соат тахминан 15:00 да Анталия соҳилидаги Аланья яқинидаги Конакли курортида жойлашган меҳмонхона соҳилидаги сув усти йўлакчасидан сувга сакраган. Маълумотларга кўра, у сакрашдан аввал югуриб келган ва боши билан сувга тушган. Оқибатда унинг бўйни синган.
Воқеа меҳмонхонадаги кузатув камераларига ҳам муҳрланган. Кадрларда Эрман сув усти йўлакчасидаги сакраш хавфли ва тақиқлангани ҳақидаги огоҳлантирувчи белгиларга қарамай, югуриб келиб, боши билан сувга сакрагани кўринади.
Унинг ортидан қутқарувчи сувга кирганида, сув унинг сон қисмига ҳам зўрға етган. Бу эса сувнинг нақадар саёз бўлганини кўрсатади.
Шифокорлар воқеа жойининг ўзида жабрланган эркакка тиббий ёрдам кўрсатиб, уни маҳаллий шифохонага олиб кетишган. Эрман реанимация бўлимига жойлаштирилган, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.
Ариф Эрман оиласи билан таътилга келган эди. У Акчай, Сапанжа шаҳрида яшаган, турмуш қурган ва уч нафар фарзанди бор эди. Ҳамкасбларининг айтишича, у Адапазаридаги Goodyear заводида ишлаган.
Эрманнинг жасади якшанба куни пешин намозидан сўнг Акчай маҳалласи қабристонига дафн этилди. Унинг сўнгги манзилига оила аъзолари, қўшнилари ва ҳамкасблари йиғилди.
Полиция ҳозирча меҳмонхона номини ошкор қилмаган ва расмий баёнот бермаган. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.
Конакли — Аланья шаҳрининг ғарбий қисмида жойлашган машҳур курорт ҳудуди бўлиб, асосан пакет турлар орқали келувчи сайёҳлар билан танилган. Бу ерда меҳмонхоналар шағал ва қумли соҳил бўйлаб, Ўрта ер денгизи қаршисида жойлашган. Курорт турк ва хорижлик сайёҳлар, айниқса оилалар орасида машҳур ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…