Отнинг бош суяги ортидан икки тиш чиқди

Буюк Британияда ветеринарлар Уэльс пониси Кингнинг қулоғи тагидаги шишни текшириб, ҳайратланарли ҳолатга дуч келишди. Шиш оддий абсцесс эмас, балки понининг бош суяги ичида ўсган деярли тўлиқ ҳажмдаги иккита тиш жойлашган дентигероз киста экани маълум бўлди.
Мутахассислар бундай ҳолатни «қулоқ тиши» деб аташади. Бу кам учрайдиган туғма ривожланиш нуқсони бўлиб, тиш тўқимаси одатдагидан ташқари жойда пайдо бўлади. Кингнинг ҳолати эса янада ноодатий — битта киста ичида икки тиш шаклланган.
Икки ёшли Кинг Ғарбий Йоркширнинг Брэдфорд шаҳри яқинида боғланган ҳолда топилган. Унинг аҳволи ҳақидаги хабардан сўнг пони World Horse Welfare ташкилотининг Блэкпул яқинидаги Penny Farm қутқарув марказига олиб кетилган.
Кинг мураккаб операция вақтида умумий наркоз остига олинди. Мутахассислар муҳим тузилмаларга зарар етказмаслик учун бир неча соат давомида ишлаб, ўсмаларни олиб ташлашди. Oakhill Vets мутахассислари бундай кисталарни аввал ҳам кўрган, аммо бундай катта ҳажмдаги икки тиш битта кистада жойлашган ҳолатга дуч келишмаган.

Операциядан кейин Кинг яхши тикланди ва ҳозир соғлом ҳамда бахтли понига айланган. Ветеринарлар эса киста даволанмаганида умрбод оғриқ, асоратлар ва абсцессларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Кингни ташкилот ходими Сара Такер ўтган йил октябрь ойида топган. Пони аввал ҳам бир неча бор ёрдамга муҳтож бўлган: у қияликдан ариққа сирпаниб тушган, яна бир сафар эса қочиб чиқиб, асосий йўлга югурган. Эгаси топилмагани сабабли Кинг хавфсиз жойга олиб кетилган ва кейин World Horse Welfare ихтиёрига топширилган.
Ҳозир уч ёшдаги Кинг янги эгасига берилиш учун тайёр. Хайрия ташкилоти маълум қилишича, бир вақтлар озғин ва жиддий муаммога дуч келган пони уларнинг қарамоғида анча тикланиб, энди ёрқин келажак сари қадам қўймоқда.






























Изоҳлар 0
…