date

92 ёшли Бийя яна президентлик сайловида қатнашмоқчи

92 ёшли Бийя яна президентлик сайловида қатнашмоқчи
Камерун президенти Поль Бийя 2025 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш нияти борлигини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида мамлакат олдида турган муҳим масалаларни тилга олди ва улкан тажрибаси билан яна хизмат қилишга тайёр эканини билдирди.

Поль Бийя 1982 йилдан бери Камерунни бошқариб келмоқда ва ҳозирги кунда у 92 ёшда. Бу ҳолат уни дунёдаги энг кекса ва энг узоқ муддат ҳокимиятда бўлган президентлар қаторига қўшади.

Камерундаги навбатдаги президентлик сайловлари 2025 йил 12 октябр куни бўлиб ўтади. Сайлов бир турда ташкил этилади ва энг кўп овоз тўплаган номзод ғалаба қозонади. Президентлик мандатининг муддати эса — 7 йилни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилда Бийя Конституцияда белгиланган муддат чекловини бекор қилган ва шу орқали у чекловсиз равишда сайловларда қатнашиш ҳуқуқини сақлаб қолган.

У охирги бор 2018 йилда сайловда иштирок этиб, 71,28 фоиз овоз билан ғолиб чиққан эди. Бироқ оппозиция ва фуқаролик жамияти вакиллари ушбу сайлов натижалари юзасидан жиддий шубҳалар билдирган, қатор қонунбузарликлар қайд этилганини маълум қилишган.

Келаси сайловда эса катта ёшдаги Бийянинг сиёсий саҳнада қанчалик таъсирли қолиши барча учун қизиқ. Камерунда ўзгаришлар бўладими — вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 92 ёшли Бийя яна президентлик сайловида қатнашмоқчи