Европанинг нуфузли дипломатик манбалари орқали тарқалган маълумотлар халқаро сиёсий майдонда катта қизиқиш уйғотди. The Telegraph нашрининг ёзишича, Украина ҳукумати мамлакатдаги уруш ҳаракатларини тўхтатиш бўйича янги ва муросали йўлни кўриб чиқмоқда.
Манбаларга кўра, Киев томони босиб олинган айрим ҳудудлар – Луганск, Донецк, Запороже ва Херсон вилоятларининг муайян қисми, шунингдек, Қрим яриморолини Россия назорати остида қолишини амалда тан олиш орқали келишувга келиш вариантларини муҳокама қилаётгани маълум бўлди.
Бу каби йўналиш, албатта, Украина сиёсий позициясида жиддий ўзгариш сифатида баҳоланмоқда. Чунки шу пайтга қадар президент Владимир Зеленский бир неча марта ҳеч қандай шартда ҳудудий ёки давлат чегараларига доир масалаларда чекиниш йўқлигини қатъий таъкидлаб келган.
Айни пайтда, дипломатик доираларда таъкидланишича, бу масала Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида Аляскада ўтказилиши режалаштирилган юзма-юз учрашув олдидан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу учрашувнинг ўтказилиши ва унда қайси мавзулар муҳокама қилиниши ҳақида ҳам жуда кўп мулоҳазалар айтилаяпти.
Кузатувчиларнинг фикрича, агар Киев мазкур вариантни расман кўриб чиқса, у нафақат Украина-Россия муносабатлари, балки бутун Европа хавфсизлик архитектураси учун янги босқични бошлаб бериши мумкин. Шу билан бирга, бу қадам Украина ички сиёсий муҳитида ҳам кескин баҳс ва тортишувларга сабаб бўлиши аниқ.
Ҳозирча расмий Киев томонидан бу ҳақда аниқ баёнот берилгани йўқ. Аммо дипломатик муҳитдаги қизғин муҳокамалар, Трамп ва Путин учрашуви олдидан бу мавзу янада долзарб ва марказий нуқтага айланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!