date

Трампга қўйилган ярим миллиардлик жарима бекор қилинди

Трампга қўйилган ярим миллиардлик жарима бекор қилинди

Нью-Йорк апелляция суди АҚШ президенти Доналд Трампга нисбатан чиқарилган катта молиявий жазо қарорини бекор қилди. Reuters агентлиги хабар беришича, 2024 йил февраль ойида қуйи суд томонидан тайинланган юзлаб миллион долларлик жарима суд томонидан йўққа чиқарилди.

Бироқ Associated Press маълумотларига кўра, апелляция инстанцияси аввалги хулосаларни ҳам ўз кучида қолдирди. Хусусан, суд Трампнинг 2016 йилда биринчи президентлик муддатига сайланишидан олдин узоқ йиллар давомида ўз кўчмас мулклари ва турли активлари қийматини сунъий равишда ошириб кўрсатганини тасдиқлади. Бу орқали у кредиторлар ва суғурта компанияларини Trump Organization учун анча қулай шартлар беришга мажбур қилгани айтилмоқда.

Трамп эса барча айбловларни кескин рад этди. Унинг адвокатлари ҳисоботлардаги эҳтимолий хатолар аҳамиятсизлигини таъкидлаб, улар орқали ҳеч бир шахс ёки ташкилот зарар кўрмаганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалги суд қарорларига кўра, Трамп 355 миллион доллар жарима тўлаши шарт эди. Фоизлар қўшилганда бу миқдор 515 миллион доллардан ҳам ортиққа чиқиши мумкин эди.

Апелляция қарори натижасида президент катта молиявий юкдан озод қилинди. Бироқ унга ва унинг икки ўғлига корпорацияларда раҳбарлик лавозимларини бир неча йил давомида эгаллаш тақиқланди.

Суд қарори эълон қилингач, Доналд Трамп буни “тўлиқ ғалаба” сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, суд “жасорат кўрсатиб”, “ноқонуний ва шармандали қарорни” бекор қилган.

Маълумки, 2024 йил феврал ойидаги илк суд қароридан сўнг Трамп Нью-Йорк бош прокурори Летисия Жеймсни “жодугар овлаш”да айблаб, у орқали ўзининг президентлик сайловига тўсқинлик қилинмоқда, деб баёнот берганди. Апелляция суди эса Жеймснинг ҳаракатлари “жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш” йўлида амалга оширилганини қайд этди.

Reuters агентлиги суд қарорини Летисия Жеймс учун жиддий мағлубият сифатида баҳолади. Шу билан бирга, АҚШ Адлия вазирлиги ҳозирда уни ипотека билан боғлиқ эҳтимолий фирибгарлик иши юзасидан текширув олиб бораётгани ҳам қайд этилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампга қўйилган ярим миллиардлик жарима бекор қилинди