date

Зеленский нутқи: Украина муроса эмас, кучли иттифоқчи бўлади

Зеленский нутқи: Украина муроса эмас, кучли иттифоқчи бўлади

Украина мустақиллик куни муносабати билан мамлакат президенти Володимир Зеленский халқ ва халқаро ҳамжамиятга йўллаган видеомурожаатида муҳим фикрларни баён қилди. Унинг таъкидлашича, Украина энди ҳеч қачон “муроса” деб аталадиган шармандаликка рози бўлмайди ва ўз йўлини шаъни ҳамда иродаси билан давом эттиради.

Президент нутқида айтиб ўтдики, Украинага ҳозир нафақат қулоқ солишмоқда, балки унинг сўзи билан ҳисоблашишмоқда. “Бизга ‘ташқарида кутиб туринг’ демаяпти, аксинча Украина стол атрофида тенгдош сифатида ўтирибди. Ва бугун бизга ‘фақат ўзинг ҳал қиласан’ дейилмоқда”, — дея қайд этди Зеленский.

Унинг фикрича, АҚШ ҳам, Европа ҳам бугун Украина ҳали ғалаба қозонмаганини тан олади, аммо энг муҳими — у аниқ ютқазмаганига ишонмоқда. Бу эса Киевнинг сиёсий ва ҳарбий майдондаги позицияси тобора мустаҳкамланаётганидан далолатдир.

Зеленский нутқида яна бир муҳим нуқтани таъкидлаб ўтди: “Украина иттифоқчиликни, ҳамкорликни, илғор мудофаа технологияларини ёки жасорат тажрибасини сўрамаяпти. Аксинча, уларни таклиф қилмоқда”.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи билан муносабатларда ҳам Украина камбағал қариндош эмас, балки кучли ва ишончли шерик сифатида кўрилаётганини барча тан олмоқда. “Бизга ЕИ керак. Ҳа. Лекин биз ҳам унга керакмиз. Мана шу ҳақиқатни ҳамма қабул қилмоқда”, — деди Зеленский.

Президент мурожаатида ҳудудий масалалар ёки НАТОга қўшилиш ҳақида сўз очилмади. Аммо унинг билдирган қарашлари Украина учун янги босқич бошланаётганидан ва унинг халқаро майдонда кучли иттифоқчи сифатида тан олинаётганидан далолат берди.

Шу тариқа, Зеленскийнинг нутқи Украинада мустақиллик байрамида нафақат халқ руҳиятини кўтарди, балки бутун дунёга Киевнинг ўз позициясида қатъий эканини яна бир бор намоён қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский нутқи: Украина муроса эмас, кучли иттифоқчи бўлади