Франция полицияси 15 ва 17 ёшли икки нафар ўсмирни ҳибсга олди. Улар Эйфель минораси ва синагогаларга қарши террор амалини тайёрлаганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Le Figaro хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, ўсмирлар Париж атрофида туғилган ва “араб-мусулмон оилаларида” ўсган. Улар ИШИД гуруҳи ғояларига ҳамдард бўлиб, мунтазам равишда “ультра зўравонликка оид” контент билан алмашиб турган ҳамда хорижга “жиҳод учун чиқиш” ҳақида муҳокама олиб борган. Яқинда эса улар тўғридан-тўғри Франциянинг ўзида ҳужумлар амалга ошириш ҳақида фикр билдирган. Хусусан, Исроилнинг Ғазодаги амалиётлари муносабати билан Эйфель минораси ва синагогалар ҳақида гапиришган.
Нашрга кўра, улар ҳужум жойини аниқ белгиламаган бўлса-да, қоронғу интернет тармоқлари орқали қурол излашни бошлаб юборишган. 1 август куни ўсмирлар “террорчилик мақсадида жиноий тил бириктириш” айблови билан суд олдига олиб чиқилди.
Le Figaro ёзишича, Францияда вояга етмаганлар орасида терроризмга мойиллик ортиб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Агар 2022 йилда бу модда бўйича фақат икки нафар бола қўлга олинган бўлса, 2023 йилда улар сони 15, 2024 йилда эса 18 нафарга етди. 2025 йил бошидан буён эса яна 13 нафари ушланган. Европолнинг ҳисоботида таъкидланишича, Европа Иттифоқида терроризмда гумон қилиниб ҳибсга олинганларнинг қарийб учдан бири 20 ёшдан кичик. Шунинг учун Франция миллий аксилтеррор прокуратураси жорий йил май ойида айнан вояга етмаганлар билан ишлаш учун алоҳида бўлим ташкил этди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!