Хитойда президент Си Жинпингнинг учинчи президентлик муддати давомида армия ичида катта ўзгаришлар юз бермоқда. Bloomberg тарқатган маълумотларга кўра, у шахсан тайинлаган 79 нафар генералдан 14 нафари охирги пайтларда омма кўз ўнгида ғойиб бўлган ёки турли тергов ишларига жалб қилинган. Таҳлилчилар таъкидлашича, бу ҳолат охирги йигирма йил ичида илк бор кузатилмоқда.
Энг юқори мартабали йўқолган шахс — Марказий ҳарбий кучлар қўмондонининг ўринбосари Хе Вейдун ҳисобланади. У ҳақида аниқ маълумот берилмаган бўлса-да, айрим ОАВ унинг номи коррупция иши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзмоқда. Бироқ бу маълумот ҳали расман тасдиқланмаган.
Ортиқча тозалашлар оқибатида Хитой армиясининг олий бошқарув органи — Марказий ҳарбий кенгаш таркиби кескин қисқарди. Ҳозирда унда етти аъзодан фақат тўрт нафар қолган. Бу эса Мао Цзэдун давридан бери энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилмоқда.
Bloomberg таҳлилига кўра, Си Жинпинг бундай репрессиялар ва ўзгаришлар орқали ўз шахсий ҳокимиятини янада мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда. Бироқ экспертлар фикрича, асосий ҳарбий раҳбарларнинг четлатилиши қуролли кучларнинг тайёргарлигига, жумладан Тайван масаласи бўйича эҳтимолий можароларга тайёргарлигига жиддий саволлар уйғотиши мумкин.
Шунингдек, кўплаб халқаро кузатувчилар бу жараённи Сининг ички сиёсий барқарорликка бўлган интилиши билан боғламоқда. Аммо амалда бундай ҳаракатлар Хитой армияси салоҳиятига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!