date

Қирғизистон хусусий тиббий университетларга чеклов жорий этди

Қирғизистон хусусий тиббий университетларга чеклов жорий этди

Қирғизистонда тиббий таълим тизимида муҳим ислоҳотлар бошланди. Президент Садир Жапаров махсус фармонга имзо чекиб, мамлакатда тиббий кадрлар тайёрлашда давлат монополиясини ўрнатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ушбу фармонга кўра, Иса Охунбоев номидаги Қирғизистон давлат тиббиёт академияси тиббий таълим йўналишида ягона ваколатли муассаса сифатида фаолият юритади. Бошқа хусусий тиббий олийгоҳлар эса чекловлар билан ишлайди ёки академиянинг филиали сифатида фаолият олиб бориши мумкин.

Ҳукумат баёнотига кўра, бу чоралар хусусий тиббий ОТМларнинг кескин кўпайиб кетиши ва уларнинг аксариятида ўқув жараёнининг сифатсиз ташкил этилгани билан изоҳланади. Кўпгина хусусий муассасалар клиник базага эга эмас, ўқитувчи-педагоглар эса зарур талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Айрим ҳолларда талабалар амалиётсиз диплом олиб чиққан. Натижада малакали билимга эга бўлмаган битирувчилар сони кўпайган ва бу ҳолат Қирғизистон таълим тизимининг халқаро майдондаги нуфузига путур етказган.

Янги тартибга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар барча хусусий тиббий олийгоҳлар давлат аккредитациясидан ўтиши шарт. Кейинчалик улар академиянинг бўлимлари сифатида ишлаши мумкин бўлади. Агар аккредитациядан ўтолмаса, тайёрлов курслари ёки клиник база сифатида фаолият юритишлари мумкин. Шу билан бирга, ҳукуматга 2026 йил 1 январигача тиббиёт ва фармацевтика соҳаси учун ягона давлат стандартини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Расмийлар таъкидлашича, мазкур ислоҳотнинг асосий мақсади тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, коррупция хавфини камайтириш ва Қирғизистоннинг халқаро нуфузини ҳимоя қилишдир.

ОАВ хабарига кўра, айни вақтда хусусий тиббий университетларда асосан Жануби-Шарқий Осиёдан келган талабалар — Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистондан борган ёшлар таҳсил олиб келаётган эди. 2020 йилда эса Покистон ҳукумати Қирғизистоннинг тиббий университетларини қора рўйхатга киритган. Сабаби, у ерда ўқиб қайтган талабаларнинг 90 фоизи Покистонда ўтказилган лицензия имтиҳонларидан ўта олмаган.

Яқинда эса Қирғизистон махсус хизматлари томонидан ўтказилган текширувларда 20 мингдан зиёд талаба, жумладан кўплаб хорижликлар ўқишдан чиқарилгани маълум қилинди. Улар асосан Бишкек ва Ўш шаҳарларидаги хусусий тиббий муассасаларда ўқиган.

Шундай қилиб, Қирғизистон ҳукумати бу чекловлар орқали тиббий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва мамлакатда етук мутахассислар тайёрлашни асосий мақсад қилиб қўймоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон хусусий тиббий университетларга чеклов жорий этди