АҚШ президенти Доналд Трампнинг “якуний огоҳлантириши” ортидан Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги қуролли тўқнашувни тўхтатиш ва “барча маҳбусларни” озод қилиш учун тезкор равишда музокаралар столига ўтиришга тайёрлигини эълон қилди.
7 сентябрь, якшанба оқшомида тарқатилган расмий баёнотда таъкидланишича, ҲАМАС аввалроқ воситачилар орқали “Америка томонидан ўт очишни тўхтатишга қаратилган бир қатор ғоялар”ни қабул қилган. Бу ғоялар урушни тўхтатиш бўйича келишув имкониятини муҳокама қилишга туртки бўлган.
Маълум қилинишича, ҲАМАС 2023 йил 7 октябрда асирга олинган исроилликларни озод қилиш эвазига Исроилдан учта асосий талабни қўймоқда: қуролли ҳаракатларни тўхтатиш, Ғазо ҳудудидан қўшинларни тўлиқ чиқариб кетиш ва секторни бошқариш учун мустақил фаластинликлардан иборат қўмита тузилиши ҳақида аниқ баёнот бериш.
Худди шу куни эрталаб АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Исроил томонидан таклиф қилинган келишув шартлари қабул қилинганини маълум қилди ва ҲАМАС ҳам уларга рози бўлиши кераклигини кескин тарзда таъкидлади.
“Мен ҲАМАСни рад этиш оқибатлари ҳақида олдиндан огоҳлантирдим. Бу менинг охирги огоҳлантиришим, бошқа имконият бўлмайди”, — деб ёзди Трамп ўз баёнотида.
Шу тариқа, вазиятда янги босқич бошланиши мумкин. Чунки ҳар икки томоннинг муносабатлари ва Трампнинг қаттиққўл позицияси Ғазодаги тўқнашув тақдирини белгилаб бериши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!