date

Германияда ўқитувчи 16 йил ишламай 6 минг евро маош олди

Германияда ўқитувчи 16 йил ишламай 6 минг евро маош олди

Германияда ноодатий воқеа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шимолий Рейн-Вестфалия ерларидан бири — Везел шаҳридаги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси 16 йил давомида ишга чиқмаган бўлса-да, мунтазам равишда маош олиб келгани маълум бўлди. Бу ҳақда Oddity Central нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, ўқитувчи аёл 2009 йилдан бери расмий равишда касаллик таътилида бўлган. У ҳар ой тиббий маълумотнома тақдим этиб турган ва шу орқали ҳеч қандай узилишсиз иш ҳақини олиб келган. Натижада 16 йил давомида унга тахминан 1 миллион евро тўланган. Ҳар ойда ўртача маош миқдори 6,1 минг евродан (салкам 90 миллион сўм) ошиқ бўлган.

Ушбу ҳолат мактаб раҳбарияти алмашгач ошкор бўлди. Янги маъмурият ўқитувчининг ҳолатини текширишга қарор қилди ва уни тиббий кўрикдан ўтишга чорлади. Аммо ўқитувчи бу қарорни адолатсизлик сифатида баҳолаб, масалани судга олиб чиқди.

Суд жараёнида ўқитувчи узоқ йиллик касаллик таътили орқали олинган ҳақнинг қонунийлигини ҳимоя қилди. Бироқ суд мактаб томонини қўллаб-қувватлади. Суд ҳукмига кўра, ўқитувчи нафақат иш ҳақини қайтариши шарт эмас, балки 2,5 минг евро миқдоридаги суд харажатини ҳам қоплаши лозим.

Судя ушбу ҳолатни “тушунарсиз” деб атади. Чунки ўқитувчи 16 йил давомида бирон марта ҳам дарсга кирмаган, аммо доимий равишда янги тиббий маълумотнома топшириб келган. Шу тариқа у ҳеч қандай тўсиқсиз маош олишда давом этган.

Германия қонунларига кўра, ўқитувчилар давлат хизматчиларига тенглаштирилган. Шу боис улар вақти чекланмаган касаллик таътили ҳуқуқига эга ва ушбу муддатда ҳам тўлиқ иш ҳақи олишлари мумкин. Бироқ қонунга кўра, бу даврда бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланиш қатъий тақиқланган.

Маълум бўлишича, ўқитувчи касаллик таътилида бўлган даврда тиббиёт соҳасига ихтисослашган стартап ташкил этган. Бу эса қонунчиликдаги асосий талабларни бузиш сифатида баҳоланди. Ана шу ҳолат унинг ўзига қарши ишлаган ва судда мағлуб бўлишига сабаб бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда ўқитувчи 16 йил ишламай 6 минг евро маош олди