Британия фуқароси Митчелл Дикин АҚШнинг Невада штатида 3000 метр баландликдан амалга оширган парашют сакрашида мўъжизавий равишда ҳаётини сақлаб қолди. Унинг на асосий, на захира парашюти очилмаганига қарамасдан, у тирик қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, Дикин инструктор Хирон Арсос Понсе билан биргаликда тандем шаклида сакраган. Қатор омадли тасодифлар туфайли иккаласи ҳам тирик қолишди. Бироқ Дикин оғир жароҳатлар олди: унинг қовурғаларидан бир нечтаси синди, тос суяги шикастланди, буйракка путур етди ва ўпкасида тешилган жой аниқланди. У тезда жарроҳлик амалиётига олинди ва врачлар унинг тос суягини металл пластиналар билан мустаҳкамлашди. Айни дамда у шифокорлар назорати остида тикланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Инструкторнинг ҳолати эса ҳали ҳам оғирлигича қолмоқда.
АҚШ Федерал Авиация маъмурияти ҳодисанинг барча ҳолатларини атрофлича ўрганишни бошлади. Шу билан бирга, Дикиннинг шериги Изабель унинг даволаниши ва реабилитацияси учун маблағ тўплаш компаниясини йўлга қўйди. Компания доирасида аллақачон 16 минг фунт стерлинг (тахминан 21,5 минг доллар) йиғилган. Унинг айтишича, тўпланган маблағлар тиббий хизмат, транспорт ва яшаш харажатларини қоплашга сарфланади. Агар ортиқча маблағ қолса, Дикин уларни хайрия ишларига йўналтириш ниятида.
Мутахассислар бу ҳолатни парашют спортидаги энг кам учрайдиган фожеа ва омадли омон қолиш мисолларидан бири сифатида баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!