date

Францияда сиёсий шов-шув: Макрон Саркози билан нима ҳақида гаплашди?

Францияда сиёсий шов-шув: Макрон Саркози билан нима ҳақида гаплашди?

Франция президенти Эммануэл Макрон Елисей саройида собиқ давлат раҳбари Николя Саркозини қабул қилди, деб ёзди lefigaro.fr. AFP агентлигининг маълум қилишича, учрашув 17 октябр, жума куни бўлиб ўтган ва тахминан бир соат давом этган.

Расмий Париж ҳозирча бу учрашув ҳақида расмий изоҳ бермаган. Шунингдек, суҳбат мазмуни ҳам сир сақланмоқда.

Figaro манбаларига кўра, Макрон суҳбат давомида суд қарорини муҳокама қилмаган, бироқ биринчи инстанция ҳукмидан кейин Саркозининг жазо ижроси билан боғлиқ жараён — унинг тартибли колонияга ўтказилиши масаласи шубҳа остига олинган.

Франция президенти таъкидлаганидек, амалдаги давлат раҳбарлари қонун бўйича иммунитетга эга, аммо собиқ президентларга бу ҳуқуқ татбиқ этилмайди.

Маълумот учун, 25 сентябр куни суд Николя Саркозини сайловолди кампаниясини ноқонуний молиялаштиришда айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум этди. 21 октябр куни у Париждаги “Ла Санте” қамоқхонасига жойлаштирилади.

70 ёшли собиқ президент жазони махсус ВИП бўлимдаги бир кишилик камерада ўтайди. Бу қарор унинг ёши ва собиқ давлат раҳбари сифатидаги мақомини инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

Саркози 2007–2012 йилларда Францияни бошқарган. Унга қарши тергов 2013 йилда бошланган бўлиб, суд жараёнида сиёсатчининг президентлик кампанияси Ливия ҳукумати томонидан ноқонуний равишда молиялаштирилгани аниқланган.

Николя Саркози ўз айбини рад этди ва ҳукмни “Францияни таҳқирлаш” деб атади. Шу билан бирга, унинг ҳимоячилари апелляция бериш ниятида эканлигини билдирган.

Мутахассислар фикрича, Макрон ва Саркози учрашуви Франциядаги сиёсий жараёнларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин — бу нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий барқарорлик масаласига айланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Францияда сиёсий шов-шув: Макрон Саркози билан нима ҳақида гаплашди?