date

Гвинея-Бисауда сиёсий инқироз: президент ҳибсга олинди

Гвинея-Бисауда сиёсий инқироз: президент ҳибсга олинди

Гвинея-Бисау ҳозирда жиддий сиёсий беқарорлик домига тушди. Мамлакат президенти Умароу Сиссоко Эмбало сайловларда ғалаба қозонгани ҳақидаги баёнотидан кўп ўтмай президентлик саройида ҳибсга олинди. Бу ҳақда у Jeune Afrique нашрига маълум қилар экан, содир бўлган воқеани “давлат тўнтариши” деб атади.

Нашрнинг манбаларига кўра, ҳибсга олиш фақат президентнинг ўзи билан чекланмаган. Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал Биаре На Нтан, унинг ўринбосари Мамаду Туре ҳамда ички ишлар вазири Боче Канде ҳам ушланган. Ушбу ҳаракат мамлакатдаги хавфсизлик тизими ва давлат бошқарувига нисбатан жиддий босим кучайганидан дарак беради.

23 ноябр куни Гвинея-Бисауда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилганди. Давлат раҳбарлиги учун ўн икки номзод куч синашди, улар орасида амалдаги президент Эмбало ҳам бор эди. Шу билан бирга, мухолифат етакчиси Домингос Симоес Перейра номзод сифатида иштирок этишга рухсат олмагани мамлакатда олдиндан кескин сиёсий муҳит пайдо бўлганини кўрсатган.

Расмий натижалар сайлов комиссияси томонидан 28 ноябр куни эълон қилиниши кутилмоқда эди. Бироқ Эмбало ўз ғалабасини муддатидан аввал эълон қилиб, сиёсий жараённи янги босқичга олиб чиқди. Унинг баёнотидан сўнг AFP ва Reuters манбалари президентлик саройи ва миллий сайлов комиссияси биноси атрофида отишма овозлари эшитилганини маълум қилди.

Мамлакатда вазият ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда — сиёсий рақобат, ҳарбий тузилмаларнинг муносабати ва халқаро реакция Гвинея-Бисаудаги инқирознинг қандай ривожланишини белгилаб беради. Маҳаллий аҳоли ва халқаро ҳамжамият эса воқеаларнинг давомини хавотир билан кузатишда давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Гвинея-Бисауда сиёсий инқироз: президент ҳибсга олинди