Эронда намойишлар кенгаймоқда: икки шаҳар “қўлга ўтди”ми? (видео)

Эронда 2025 йил декабр охиридан буён оммавий норозилик намойишлари тўхтагани йўқ. Аввалига Теҳрон марказидаги Катта бозорда (Grand Bazaar) савдогарлар миллий валюта қадрсизланиши, нарх-наво “учиб кетиши” ва инфляция фонида иш ташлаш уюштиргани айтилган эди. Кейин эса норозилик тўлқини бутун мамлакат бўйлаб тарқаб, талаба-ёшлардан тортиб турли қатламларни қамраб ола бошлади.
Янги хабарларда 10 кунлик тўлқиндан сўнг Эрон ғарбидаги икки шаҳар — Абданан ва Маликшоҳ намойишчилар назоратига ўтгани ҳақида даъволар пайдо бўлди. Айрим мухолифатга яқин манбалар бундай ҳолатни “амалда эгаллаб олинди” деб талқин қилмоқда. Бироқ давлатга яқин ахборот манбалари буни рад этиб, полиция намойишчиларни тарқатгани ва “тартиб тиклангани”ни ёзади. Яъни, ҳозирча манзара — бир ҳодиса, икки хил версия.
Эътиборли жиҳати: Теҳрондаги Катта бозор атрофидаги вазият ҳам анча кескинлашгани айтилмоқда. Айрим хабарларда бозорда ўтириш акцияси бўлгани, уни тарқатишда куч тузилмалари кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани ҳақида маълумотлар келтирилади.

Олий раҳбар Али Хоминаий эса иқтисодий муаммолар борлигини тан олган, аммо айрим жараёнларни “душманлар иши” билан боғлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу билан бирга, у “бузғунчилар” билан музокара қилиш самара бермаслиги, тартибсизликларга қатъий муносабат кераклиги ҳақидаги позициясини ҳам яширмаган.
Норозиликлар фонида мухолифат қаноти ҳам фаол. Масалан, қувғиндаги айрим сиёсий доиралар намойишларни очиқ қўллаб-қувватлаётгани, кўчаларда турли шиорлар янграётгани ҳақида турли хабарлар бериляпти.
Қурбонлар ва ҳибслар бўйича ҳам турли рақамлар айтилади. Айрим ҳуқуқ ҳимояси манбаларига таянилган ҳисоб-китобларда 10 кун ичида ўнлаб одам ҳалок бўлгани, юзлаб-минлаб киши ушлангани ҳақида маълумотлар келтирилади. Бундай рақамлар мустақил тасдиқга муҳтож бўлгани билан, умумий тренд битта: вазият орқага кетмаяпти, аксинча — қизиб бораяпти.

Хулоса шу: Эрондаги норозиликлар эндиликда фақат иқтисод эмас, сиёсий кайфиятга ҳам қаттиқ уланиб кетяпти. Кейинги кунларда қайси шаҳарда нима бўлгани ҳақида “двойной инфо” кўпайиши мумкин — шунинг учун ҳар бир катта даъвонинг ортидан расмий баёнотлар ва мустақил манбаларни ҳам солиштириб кўришга тўғри келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!