Рамзан Қодиров Телеграмда Адам иштирокидаги йиғилиш видеосини кўрсатди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-канали орқали ўғли — республика Хавфсизлик кенгаши котиби Адам Қодиров иштирокида куч тузилмалари командирлари билан ўтказилган йиғилишдан видеолавҳани эълон қилди.
Қодировнинг ёзишича, мазкур учрашувда республикада бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш, сайлов жараёнида хавфсизликни таъминлаш, шунингдек экстремизмга қарши курашишга оид масалалар муҳокама қилинган.
Рамзан Қодиров таъкидлашича, йиғилиш давомида Адам Қодиров ҳуқуқ-тартибот органлари ва турли муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигига алоҳида урғу берган. Шунингдек, сайловлар вақтида хавфсизликни таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгилангани қайд этилган.
Бундан ташқари, Қодировнинг маълум қилишича, Адам Қодировга Запорижжя АЭСни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун “Атом станциялари хавфсизлигини оширишдаги хизматлари учун” медали топширилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ижтимоий тармоқларда Адам Қодиров Грознийдаги йўл-транспорт ҳодисасидан кейин оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ва уни Москвага олиб кетишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!