Адам Қодиров иккинчи марта “Чеченистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди

Адам Қодиров иккинчи марта “Чеченистон қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли, 18 ёшли Адам Қодиров иккинчи бор “Чеченистон қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Meduza нашри хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, юксак мукофотни унга шахсан отаси — Рамзан Қодиров топширган. Чеченистон ҳукумати раиси Магомед Даудовнинг таъкидлашича, Адам Қодиров давлат олдидаги хизматлари, халқ манфаатлари йўлидаги фаолияти ҳамда Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлари учун ушбу унвонга муносиб кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, Адам Қодиров мазкур унвонни биринчи марта 2023 йил октябрь ойида, 15 ёшида қўлга киритган эди. Ўшанда бу ҳақдаги хабарни Россия Давлат думаси депутати Адам Делимхонов маълум қилган. Мукофот унинг Қуръонни ёқиш иши бўйича ҳибсга олинган Никита Журавелни тергов ҳибсхонасида ургани ортидан берилгани кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди.

Қайд этилишича, “Чеченистон қаҳрамони” унвони тўғрисидаги низомда бир шахснинг ушбу мукофотни неча марта олиши мумкинлиги бўйича ҳеч қандай чеклов белгиланмаган. Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам икки карра “Чеченистон қаҳрамони” ҳисобланади.

Россия оммавий ахборот воситалари аввалроқ Адам Қодировни Чеченистон раҳбари лавозимига эҳтимолий ворис сифатида тилга олган эди. Бироқ айрим нашрлар унинг иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасидан кейин бу борадаги қарашлар маълум даражада ўзгарганини ёзган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар