Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 50 ёшни қаршилади

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 5 октябрь куни 50 ёшни қаршилади. У 1976 йил 5 октябрда Чеченистоннинг Центарой қишлоғида туғилган.
Қодировнинг сиёсий фаолияти отаси Аҳмад Қодиров 2004 йил май ойида Грознийдаги теракт оқибатида ҳалок бўлганидан кейин жадаллашди. Ўша йилнинг ўзида у Чеченистон ҳукумати раиси ўринбосари этиб тайинланди. 2005 йил охирида ҳукумат раиси вазифасини бажарувчи бўлган, 2006 йилда эса бош вазир лавозимини эгаллаган.
2007 йил февралда Владимир Путин уни Чеченистон президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. Шу йил апрель ойида Қодиров расман республика раҳбари лавозимига киришди. Ўша пайтда у 30 ёшда эди.
Шундан бери Қодиров Чеченистонни узлуксиз бошқариб келмоқда. Сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда у 99,85 фоиз овоз билан бешинчи муддатга қайта сайлангани маълум қилинди.
Қодиров даврида Грозний ва республикада кенг кўламли қурилиш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, унинг бошқарув услуби халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари томонидан жиддий танқид қилиб келинади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Чеченистонда журналистлар, мухолифат ва ЛГБТ вакилларига нисбатан босимлар ҳақида кўп бор хабар берган.
Бугунга келиб Рамзан Қодиров Россия сиёсий тизимида Владимир Путиннинг энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида қаралади. Чеченистонда эса унинг ҳокимияти минтақадаги энг кучли ва марказлашган сиёсий тизимлардан бири ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…