Яшаш даражаси энг юқори давлатлар маълум бўлди

Яшаш даражаси энг юқори давлатлар маълум бўлди

HelloSafe ташкилоти 2026 йил учун Фаровонлик индексини эълон қилди. Рейтинг Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва OECD маълумотлари асосида шакллантирилган бўлиб, унда иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда аҳоли турмуш даражасига таъсир қилувчи муҳим омиллар ҳам ҳисобга олинган.

Тадқиқот натижаларига кўра, Норвегия илк бор дунёнинг энг фаровон мамлакати деб топилди. Ирландия ва Люксембург эса кейинги ўринларни эгаллади. Мутахассислар бу натижани мазкур давлатлардаги кучли ижтимоий ҳимоя тизими ва юқори ҳаёт сифати билан изоҳламоқда.

Қизиғи, дунёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири бўлган АҚШ рейтингда атиги 17-ўринни қайд этди. Бунга даромадлар тенгсизлиги ва нисбий қашшоқлик даражасининг юқорилиги асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Европада Норвегия, Ирландия ва Люксембург етакчилик қилган бўлса, Африка қитъасида Сейшел ороллари, Маврикий ва Жазоир биринчи учликдан жой олди.

Лотин Америкасида Уругвай энг фаровон давлат сифатида эътироф этилди. У Чили ва Панамани ортда қолдирди. Осиёда эса Сингапур биринчи, Қатар иккинчи ўринни эгаллади.

Таҳлилчилар фикрича, фаровонлик фақат иқтисодий ўсиш билан эмас, балки даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий ҳимоя, таълим ва инсон тараққиёти даражаси билан ҳам бевосита боғлиқ.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар