Дунёда ҳар куни 800 га яқин одам сувда ҳалок бўлмоқда

Дунёда ҳар куни 800 га яқин одам сувда ҳалок бўлмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунёда чўкиш билан боғлиқ ўлимлар ҳали ҳам жиддий муаммо бўлиб қолаётганини маълум қилди. Ташкилот ҳисоботига кўра, ҳар йили қарийб 300 минг нафар инсон сувда чўкиши оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.

Мутахассислар таъкидлашича, чўкиш айниқса 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун энг катта хавф омилларидан бири саналади. Ушбу ёш тоифасида у ўлимга сабаб бўлувчи асосий ўнта омил қаторига киради.

ЖССТ маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши ҳам бу хавфни янада кучайтирмоқда. Сув тошқинлари, кучли бўронлар ва аномал иссиқ кунлар сони ортиши чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Буюк Британияда ўтказилган илмий тадқиқот натижаларига кўра, ҳаво ҳарорати ҳар бир даражага ошганида чўкиш оқибатидаги ўлимлар 7,2 фоизга кўпайиши кузатилган. Шунингдек, ҳаво ҳарорати 25 даражадан юқори бўлган кунларда чўкиш хавфи 10 даражадан паст бўлган кунларга нисбатан қарийб беш баравар юқори экани аниқланган.

Шу муносабат билан ЖССТ 25 июль — Бутунжаҳон чўкишнинг олдини олиш куни арафасида давлатлар ва маҳаллий ҳамжамиятларга сувдаги бахтсиз ҳодисаларни камайтиришга қаратилган еттита асосий тавсияни эълон қилди.

Ташкилотнинг «Protect» дастури қуйидаги чораларни ўз ичига олади:

  • сув ҳавзалари атрофида хавфсиз инфратузилмани барпо этиш;

  • аҳолини қутқарув ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига ўргатиш;

  • сув бўйида меҳнат хавфсизлигини кучайтириш;

  • сув транспорти учун замонавий хавфсизлик талабларини жорий этиш;

  • болалар ва катталарга сузиш ҳамда сувда хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларини ўргатиш;

  • болаларни сув ҳавзалари яқинида доимий назорат қилиш;

  • маҳаллий аҳолини сув тошқинлари ва фавқулодда вазиятларга тайёрлаш.

Қайд этилишича, жорий йилги Бутунжаҳон чўкишнинг олдини олиш куни «Биргаликда — сувда хавфсизлик учун» шиори остида ўтказилади. Ташкилот фикрича, сувдаги фожиаларни камайтириш давлат идоралари, мутахассислар ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали амалга ошиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар