Қозоғистон пойтахтида илк бор учар такси синовдан ўтказилди

Қозоғистон пойтахти Остонада келажак транспорти сифатида баҳоланаётган учар такси илк бор оммага намойиш этилди. 24 июль куни ўтказилган синов парвози мамлакатда шаҳар ҳаво транспортини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, намойиш парвози «Келажак ўйинлари» дастури доирасида «Қазанат» ипподроми ҳудудида ташкил этилган. Синовда вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга бўлган AutoFlight Prosperity электр ҳаво кемасидан фойдаланилди.
Замонавий аэротакси бир нафар пилот ва беш нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. У соатига 200 километргача тезликда ҳаракатлана олади ҳамда бир марта қувватланиш билан 200 километргача масофани босиб ўтади.
Лойиҳани Қозоғистоннинг Alatau Advance Air Group (AAAG) компанияси Хитойнинг AutoFlight компанияси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.
AAAG бошқарув раиси Сергей Хегайнинг таъкидлашича, бир неча йил аввал шаҳар ҳаво ҳаракатчанлиги келажак технологияси сифатида қаралган бўлса, бугун у амалда синовдан ўтказилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун халқаро тажрибани ўрганиш, зарур инфратузилмани барпо этиш ва намойиш парвозларини ташкил қилиш каби муҳим босқичлар босиб ўтилган.
Мутахассиснинг қайд этишича, шаҳар ҳаво транспортини оммалаштириш учун рақамли бошқарув тизимлари, ҳаво ҳаракатини мувофиқлаштириш, махсус вертипортлар, ҳуқуқий база ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлаш талаб этилади.
Шунингдек, бу йўналиш ҳаво таксиларига хизмат кўрсатиш, уларни йиғиш, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, дастурий таъминот яратиш ҳамда муҳандис, пилот ва операторлар учун янги иш ўринларини шакллантириши таъкидланди.
Сергей Хегайнинг фикрича, ушбу ташаббуснинг асосий мақсади келажак авлод учун янги юқори технологияли индустрияни барпо этишдир.
Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда ҳаво таксилари бугунги автомобиллар каби оддий транспорт воситасига айланиши, Қозоғистонда эса янги технологик компаниялар, муҳандислик мактаблари ва замонавий касблар ривожланиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…