“Жеймс Уэбб” машҳур юлдуз тизимида гигант сайёрани аниқлади

Астрономлар «Жеймс Уэбб» коинот телескопи ёрдамида «Beta Pictoris d» деб номланган экзосайёрани аниқлашга муваффақ бўлди. Янги осмон жисми Ердан тахминан 63 ёруғлик йили узоқликда жойлашган ёш юлдуз тизимининг ёруғ чанг диски ичида яширинган бўлиб, ушбу кашфиёт замонавий астрономия учун муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу ҳақда ScienceDaily нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, тадқиқот Сан-Диегодаги Калифорния университети олимлари томонидан, Эйдан Гиббс раҳбарлигида олиб борилган. Илмий иш натижалари халқаро мутахассислар эътиборига ҳавола қилинган. Кашфиёт аввалдан маълум бўлган «Beta Pictoris d» сайёрасининг атмосферасини ўрганиш жараёнида NIRSpec спектрографи ёрдамида амалга оширилган.
Тадқиқот давомида олимлар одатдагидек тўғридан тўғри суратлар олиш ўрнига сайёра атмосферасининг кимёвий спектрини таҳлил қилган. Хусусан, ис гази, сув буғи ва метанга оид сигналлар қайд этилган. Ана шу маълумотлар объектнинг ҳақиқатан ҳам экзосайёра эканини тасдиқлашга хизмат қилди. Шу билан бирга, бу натижалар унинг орқа фондаги юлдуз ёки жигарранг митти юлдуз бўлиши мумкинлиги ҳақидаги аввалги тахминларни ҳам рад этди.
Қўшимча текширувлар MIRI инструменти ҳамда Жуда катта телескоп (VLT) орқали олинган кузатув маълумотлари асосида амалга оширилди. Бу эса аниқланган натижаларнинг ишончлилигини янада мустаҳкамлади.
Олимлар маълумотига кўра, «Beta Pictoris d»нинг массаси Юпитер массасидан камида икки баравар катта. Сайёра ўз юлдузи атрофида тахминан 30 астрономик бирлик масофада айланади. Бу масофа Қуёш тизимидаги Нептун орбитасига яқин ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кашфиёт яна бир жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки бу кучли ёруғ чанг диски таъсирига қарамай, ўртача аниқликдаги спектроскопия усули ёрдамида экзосайёра аниқланган илк ҳолат сифатида тарихга кирди.
Эслатиб ўтиш жоиз, аввалроқ олимлар Ердан тахминан 25 ёруғлик йили узоқликда, Жираф (Камелопардалис) юлдуз туркумида жойлашган GJ 3378b сайёраси ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларни эълон қилган эди. Тадқиқотларга кўра, ушбу сайёра Ердан ташқарида ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин бўлган энг истиқболли номзодлардан бири ҳисобланади.
Янги илмий хулосаларга асосан, GJ 3378b ўз юлдузининг ҳаёт зонаси, яъни яшаш учун қулай ҳудудида жойлашган. Бу эса у ерда суюқ сув мавжуд бўлиши ва ҳаёт учун зарур шароит шаклланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Олимлар келгусида ушбу ҳамда бошқа экзосайёраларни янада чуқурроқ ўрганишни режалаштирмоқда.






























Изоҳлар 0
…