Робот 6200 метрлик Чимборасо вулқони чўққисига чиқди, навбат Эверестга

Технология оламида яна бир муҳим воқеа содир бўлди. Пемба номли гуманоид робот Эквадорда жойлашган Чимборасо вулқони чўққисига муваффақиятли кўтарилиб, 6200 метр баландликдаги тоғни забт этди. Бу ҳақда “Mir24.tv” маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур робот юқори тоғ шароитида муваффақиятли ҳаракатланиб, экстремал муҳитда фаолият юрита оладиган робототехника имкониятларини амалда синовдан ўтказди. Экспедиция келажакда дунёнинг энг баланд нуқтаси ҳисобланган Эверестга чиқиш режасининг муҳим босқичларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Лойиҳада қўлланилган Пемба роботи такомиллаштирилган Unitree G1 модели асосида яратилган бўлиб, мураккаб релъеф ва совуқ иқлим шароитига мослаштирилган. Синовлар давомида робот енгил қияликларда мустақил ҳаракатланган, тик ва техник жиҳатдан қийин ҳудудларда эса экспедиция аъзолари томонидан ёрдам кўрсатилган.
Мутахассислар фикрича, бу синов робот имкониятларини босқичма-босқич кенгайтириш йўлидаги муҳим амалий тажриба ҳисобланади.
Лойиҳа ташаббускори Пабло Берланга Боемаре таъкидлашича, ушбу экспедиция шунчаки технологик кўргазма эмас. Унинг фикрига кўра, келажакда бундай роботлар экологик мониторинг, ёввойи табиатни кузатиш ва хавфли ҳудудларда маълумот тўплаш ишларида муҳим ўрин тутиши мумкин.
Шу мақсадда робот замонавий камералар, турли сенсорлар ҳамда сунъий интеллект тизимлари билан жиҳозланган.
Маълумки, юқори тоғ шароити роботлар учун жиддий техник қийинчиликларни келтириб чиқаради. Совуқ ҳарорат, кислород миқдорининг камлиги ва об-ҳавонинг кескин ўзгариши батареялар ҳамда электрон тизимлар фаолиятига таъсир кўрсатади. Шу сабабли Пемба учун махсус иссиқлик бошқарув тизимлари ва ҳимоя механизмлари ишлаб чиқилган. Улар аввал Хитойнинг совуқ ҳудудларида муваффақиятли синовдан ўтказилган.
Чимборасодаги муваффақият инсонсимон роботлар нафақат лабораторияларда, балки Ер юзининг энг мураккаб табиий шароитларида ҳам самарали ишлай олишини яна бир бор намоён қилди.
Эндиликда лойиҳа жамоаси роботни Ҳимолай тоғлари, жумладан, Эверест ҳудудига юборишни режалаштирмоқда. Бироқ бу ташаббус ҳозирча тўлиқ амалга оширилмаган. Сабаби, Непалда роботлар иштирокидаги экспедицияларни тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий қоидалар ҳали шакллантирилмаган. Шу боис лойиҳа вақтинча тўхтатилган бўлиб, тегишли меъёрлар қабул қилиниши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…