Асаубаева: Маошим уч бараварга қисқартирилди, Президентга мурожаат қилдим (видео)

Асаубаева: Маошим уч бараварга қисқартирилди, Президентга мурожаат қилдим (видео)

Қозоғистонлик таниқли шахматчи, халқаро гроссмейстер ва аёллар ўртасидаги жаҳон рейтинги пешқадамларидан бири Бибисора Асаубаева мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга видеомурожаат йўллади. Спортчи Спорт вазирлиги томонидан унинг маоши уч баробарга қисқартирилганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида хабар берган.

Шахматчининг таъкидлашича, нуфузли Norway Chess 2026 турнирида ғолиб чиққан бўлса-да, мазкур мусобақага тайёргарлик ишлари ўз маблағлари ва ота-онасининг кўмаги ҳисобидан амалга оширилган. Шунингдек, унинг жамоасида фаолият юритган таҳлилчилар ва секундантлар меҳнати учун ҳанузгача ҳақ тўланмаган.

Бибисора Асаубаева мурожаатида мамлакатда шахмат бўйича жаҳон чемпионлари жуда кам эканини таъкидлаб, спортчиларни қўллаб-қувватлаш тизимидаги муаммоларга эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, жаҳон чемпионатидаги ғалаба учун Спорт вазирлиги ажратган мукофот маблағи атиги 2 минг доллардан иборат. Олимпия ўйинлари медалдорлари эса 250 минг доллар мукофот олади.

Шахматчи 2023 йилдан бери давлат томонидан бериб келинган маоши 2025 йилда янги спорт вазири тайинланганидан кейин уч бараварга камайтирилганини ҳам маълум қилди. Шу билан бирга, у Қозоғистон шахмат федерациясидан ҳеч қачон ойлик маош олмаганини қайд этди.

Унинг айтишича, жорий йил бошида блиц бўйича жаҳон чемпионатида учинчи олтин медални қўлга киритиб, аёллар ўртасидаги Жаҳон шахмат тожи учун номзодлар турнирига йўлланма олган. Бироқ муҳим мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш учун етарли маблағ ажратилмагани сабабли, унинг жамоаси масофавий тарзда ишлашга мажбур бўлган.

Асаубаева давлат томонидан берилган қўллаб-қувватлаш ваъдаларининг бажарилмагани, шунингдек, турли идораларга юборилган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолганини таъкидлади.

Маълумот учун, Бибисора Асаубаева яқинда Осло шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли Norway Chess турнирида муддатидан аввал чемпионликни таъминлаб, мусобақа тарихида бундай натижага эришган илк қозоғистонлик шахматчи сифатида тарихга кирган. Шунингдек, янгиланган FIDE рейтингига кўра, у аёллар ўртасида жаҳон рейтингида биринчи ўринга кўтарилди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар