Хитойда робот илонлар электр тармоқларини назорат қилишга киришди

Хитойда робот илонлар электр тармоқларини назорат қилишга киришди

Хитойда электр узатиш линияларини назорат қилиш учун робот илонлардан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилди. Улар симлар бўйлаб ҳаракатланиб, авария ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин бўлган носозликлар ва ортиқча қизиб кетиш ҳолатларини аниқлайди. Бу ҳақда Interesting Engineering нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, роботлар Юннан провинциясининг маъмурий маркази бўлган Кунмин шаҳрида қўлланилмоқда. Улар симларга ўралиб ҳаракатланар экан, камералар ва махсус датчиклар ёрдамида узилган симлар, эскирган қисмлар ҳамда ҳароратдаги ғайритабиий ўзгаришларни аниқлайди. Ишлаб чиқувчилар берган маълумотларга кўра, роботлар шу вақтгача 130 километрдан ортиқ электр узатиш линияларини текшириб чиққан.

Мазкур тизим Гуанду тумани электр таъминоти бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Бюро вакилларининг таъкидлашича, роботлар ёрдамида амалга оширилаётган текширувлар самарадорлиги анъанавий қўл меҳнати усулларига нисбатан уч баравар юқори ҳисобланади.

Электр тармоқларини назорат қилишда тез-тез қўлланиладиган дронлардан фарқли равишда, робот илонлар бевосита кабеллар бўйлаб ҳаракатланади. Бу эса дронлар парвози чекланган ҳудудларда, айниқса аэропортлар яқинида ҳам бемалол ишлаш имкониятини яратади. Шу билан бирга, бундай роботлар юқори кучланишли линиялардан тарқаладиган электромагнит тўсиқларга нисбатан ҳам анча чидамли бўлиб, улар дронларни бошқариш ва тасвир сифатига таъсир кўрсатмайди.

Янги технология дронларнинг яна бир қатор камчиликларини, жумладан, об-ҳавога боғлиқлиги ҳамда аккумулятор ишлаш вақтининг чекланганлиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ёрдам бермоқда. Яқин масофадан доимий мониторинг олиб борилиши натижасида энергетика соҳаси мутахассислари юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезроқ аниқлаб, ўз вақтида бартараф этиш имконига эга бўлади.

Хитой энергетика компаниялари инфратузилмани кузатиб бориш учун нафақат робот илонлардан, балки робот итлар, дронлар ва стационар кузатув камераларидан ҳам фаол фойдаланмоқда.

Робот илон бир нечта қисмлардан ташкил топган эгилувчан корпусга эга бўлиб, бу унга симлар бўйлаб эркин ҳаракатланиш ва турли тўсиқларни, хусусан, изоляторларни четлаб ўтиш имконини беради. Шу сабабли у одамлар ёки дронлар учун текшириш қийин бўлган ҳудудларга ҳам осонлик билан етиб бора олади. Носозликлар ва эҳтимолий хавфларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида роботнинг бош қисмига камера ва махсус датчиклар ўрнатилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, робот қувватни ўзи текшираётган электр узатиш линияларидан тўғридан тўғри контактсиз усул орқали олади.

Электр узатиш тармоқларининг бир нечта йўналишларида муваффақиятли синовлар ўтказилганидан сўнг, компаниялар роботлардан янада мураккаб ҳудудларда ҳам фойдаланиш кўламини кенгайтирди. Шунингдек, робот итлар ҳам юқори кучланишли зоналарда ва инсонлар учун хавфли бўлган бошқа ҳудудларда текширув ишларига жалб қилинмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар