Талабалар ўрнига имтиҳон топшириб, миллионлар ишлаган курьер қамалди

Буюк Британияда талабалар ўрнига имтиҳон топшириб ва ўқув ишларини бажариб, қарийб 3,1 миллион доллар (2,4 миллион фунт стерлинг) даромад қилган Amazon курьери уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган 43 ёшли Шаҳид Аднан курьер сифатида фаолият юритган ва талабаларга пул эвазига турли хизматлар кўрсатиб келган.
Жумладан, у талабаларнинг тестларини бажариб берган, курс ишларини ёзган ва айрим ишлар учун 18 минг долларгача ҳақ олган.
Ушбу жиноий схема 2023 йилда тасодифан фош бўлган. Талаба қизлардан бири курс иши сақланган флешкани ўқитувчисига топширган. Стандарт текширув жараёнида ўқитувчи қурилма ичида университет тизимига кириш учун логин ва пароллар ҳам мавжудлигини аниқлаган.
Бу эса Шаҳид Аднанга талабалар номидан тизимга кириб, уларнинг ўқув ишларини бажариш имконини берган.
Тергов давомида полиция унинг уйидан катта миқдордаги нақд пулларни мусодара қилган. Шунингдек, банк ҳисобварақларида 3,1 миллион доллардан ортиқ маблағ сақланаётгани маълум бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, курьер дунёнинг турли давлатларидаги университетларда таҳсил олаётган камида 124 нафар талабанинг ўқув ишларини бажариб берган бўлиши мумкин.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича қўшимча суриштирув ишлари давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…