Қирғизистон Қозоғистонга ер алмашиш таклифи билан чиқди

Қирғизистон ҳукумати Қозоғистон томонига тенг қийматга эга бўлган ер участкаларини ўзаро алмаштириш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг матбуот котиби Аскат Алағозов маълумотларига таяниб, 24.кг нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа Чуй вилоятининг Тўқмоқ ҳудудида жойлашган 800 метрлик йўл қисмига тааллуқли ҳисобланади. Матбуот котибининг таъкидлашича, мазкур ташаббус амалга оширилса, янги автомобиль йўлини барпо этиш имконияти пайдо бўлади. Режага кўра, бу Алматинская кўчасидан Кемин шаҳригача чўзиладиган, умумий узунлиги тахминан 150 километрни ташкил этувчи пулли автомобиль йўли бўлади.
Аскат Алағозовнинг сўзларига кўра, бундай масалаларни сиёсий баҳс ва турли спекуляциялар мавзусига айлантириш тўғри эмас. У бу каби қарорлар инфратузилмани ривожлантириш ва транспорт алоқаларини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, гап Бишкек—Норин—Торугарт автомобиль йўлининг Чуй дарёси бўйлаб ўтган қисми ҳақида бормоқда. Маълумки, Чуй водийсининг айрим ҳудудларида айнан ушбу дарё Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасини белгилаб беради.
Шу билан бирга, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида давлат чегарасини демаркация қилиш ишлари доирасида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилган. Хусусан, Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари Қирғизистон таркибига ўтгани маълум қилинди.
Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алағозовнинг билдиришича, аввал Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган ушбу қишлоқларда қарийб 2,5 минг нафар этник қирғиз истиқомат қилади. Эндиликда мазкур аҳоли Қирғизистон фуқаролигини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.
Маълумотларга кўра, ушбу келишув доирасида Қирғизистон томони Ўзбекистонга чегара ҳудудида жойлашган, майдони жиҳатидан тенг бўлган ер участкаларини топширган. Шунингдек, икки давлат Сай ва Таян қишлоқлари ўртасида янги автомобиль йўлини қуриш мақсадида умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматли ер майдонларини ҳам ўзаро алмаштирган.






























Изоҳлар 0
…