Анвар Собиров: «Роналдо қилмаган хатони мен қилдим»

Анвар Собиров давлат тизимида икки йил раҳбарлик лавозимида ишлаб, ижоддан узоқлашгани сабабли вазифасидан ўз хоҳиши билан озод этишни сўраганини айтди. У санъаткорнинг вазифаси одамларга шахсий дардини эмас, қувонч ва яхши кайфият улашиш эканини таъкидлади.
Хонанда ва актёр Анвар Собиров “Чотки TV” YouTube каналига берган интервьюсида ижодий танаффуслари, давлат хизматидаги фаолияти, оилавий ҳаёти ва фарзанд тарбиясида йўл қўйган хатолари ҳақида очиқчасига сўз юритди.
Санъаткорнинг таъкидлашича, ижоддаги танаффуслар маълум сабабларга боғлиқ бўлган, аммо мухлислар учун санъаткорнинг шахсий муаммолари эмас, балки янги ижоди муҳим. Шу боис у санъаткорнинг вазифаси одамларга ўз дардини эмас, қувонч ва яхши кайфият улашиш эканини айтди.
Анвар Собиров икки йил давомида давлат тизимида раҳбарлик лавозимида ишлаганини эслаб, бу даврда ижоддан узоқлашиб қолгани учун раҳбариятдан ўзи хоҳиши билан вазифасидан озод этишни сўраганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳақиқий санъаткорни пул эмас, балки санъатга бўлган муҳаббат саҳнага қайтаради.

Хонанда, шунингдек, бойликнинг фақат Аллоҳ барака берган қисми инсонга насиб қилишини, қилинган эҳсонни эса ошкор қилишни маъқул кўрмаслигини таъкидлади.
Оиласи ҳақида гапирган Анвар Собиров турмуш ўртоғи билан ҳаётининг дастлабки йилларида рашк сабабли айрим қийинчиликлар бўлганини, кейинчалик диний билим ва ўзаро тушуниш орқали бу муаммолар ҳал бўлганини айтди.
— «Аввал мени раққосалардан рашк қилган аёлим, ҳозир мени ўзи уйлантириб қўйишга қодир даражада иймонли бўлиб қолди», — деди хонанда.
Суҳбат давомида у фарзанд тарбиясидаги энг катта хатосини ҳам тан олди. Анвар Собировнинг айтишича, ягона ўғлини ортиқча эркалатиб юборгани сабабли унда меҳнатга бўлган интилиш сусайган.

— «Роналдо ўғлига ҳамма нарсани тайёр бермаганини билганимда, ўзим қаерда хато қилганимни тушундим», — деди у.
Хонанда қиз фарзанд ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, қизларини «жаннатларим» деб чақиришини, тўнғич қизини узатиш пайтида эса турмуш ўртоғидан ҳам кўпроқ кўз ёши тўкканини сўзлаб берди.






























Изоҳлар 0
…