Машҳур актёр Абдуманнон Убайдуллаев 86 ёшида вафот этди

Машҳур актёр Абдуманнон Убайдуллаев 86 ёшида вафот этди
Қисқача

Таниқли киноактёр, режиссёр ва педагог Абдуманнон Убайдуллаев 7 август куни 86 ёшида вафот этди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, санъатшунослик фанлари номзоди ва профессор «Ватан» филмидаги роли, шунингдек, «Омад», «Сўнгги лаҳза», «Ҳижрон», «Назар», «Йигит йиғламасин», «Алданган кўнгил» ва «Меҳр» каби филмлардаги образлари билан танилган.

Бугун, 7 август куни Ўзбекистон маданияти ва кино санъати оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор, таниқли киноактёр, режиссёр ва педагог Абдуманнон Убайдуллаев 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги маълум қилди.

Маълумот ўрнида, Абдуманнон Убайдуллаев кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Ватан» фильмидаги ёрқин роли орқали кенг жамоатчиликка танилган. Шунингдек, у «Омад», «Сўнгги лаҳза», «Ҳижрон», «Назар», «Йигит йиғламасин», «Алданган кўнгил», «Меҳр» каби қатор бадиий фильмлар ҳамда бир нечта миллий телесериалларда муваффақиятли образларни гавдалантирган.

Ижодкор нафақат актёр ва режиссёр, балки кўп йиллар давомида педагог сифатида ҳам самарали фаолият юритиб келди. У бугунга қадар Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Овоз режиссёрлиги ва операторлик маҳорати» кафедрасида талаба-ёшларга билим ва тажрибасини улашиб, янги авлод мутахассисларини тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган эди.

Абдуманнон Убайдуллаевнинг миллий кино ва театр санъати ривожига қўшган хизматлари, экранда яратган ёрқин образлари ҳамда тарбиялаган шогирдлари унинг номи ва меросини узоқ йиллар давомида сақлаб қолади. Унинг вафоти ўзбек санъати учун катта йўқотиш бўлди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан муҳокама қилингЯнгиликни таҳлил қилинг, фойдали маслаҳатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар