Конгода номаълум касаллик тарқалди: 14 киши ҳаётдан кўз юмди

Конгода номаълум касаллик тарқалди: 14 киши ҳаётдан кўз юмди

Конго Демократик Республикаси (КДР) ғарбий ҳудудларида келиб чиқиши ҳозирча аниқланмаган хавфли касаллик сабаб 14 киши вафот этди. Бу ҳақда маҳаллий депутат Жак Илунгу маълумотларига таяниб, Okapi радиоси хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, касаллик Квилу провинциясининг Булунгу ҳудудида жойлашган бир нечта қишлоқларда кенг тарқала бошлаган. Сўнгги икки ҳафта давомида ушбу касаллик билан боғлиқ бир қатор ўлим ҳолатлари қайд этилган. Юзага келган вазият маҳаллий аҳоли орасида жиддий хавотир ва кенг кўламли ваҳима келтириб чиқарган.

Оқибатда кўплаб оилалар хавфсизлик мақсадида қўшни Идиофа ҳудуди ҳамда унга туташ туманларга оммавий равишда кўчиб кетишни бошлаган. Маҳаллий аҳоли орасида касалликнинг тез суръатларда тарқалаётгани катта ташвиш уйғотмоқда.

Депутат Жак Илунга ҳукумат идораларини биотиббиёт таҳлилларини ўтказиш учун зарур намуналарни йиғиш мақсадида ҳудудга санитария мутахассислари гуруҳларини зудлик билан юбориш бўйича тегишли чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, провинциянинг собиқ соғлиқни сақлаш раҳбари Бена Мутуй ҳам номаълум касаллик тарқалаётганини тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, ўлим ҳолатлари сони қарийб 20 тага етган бўлиши мумкин.

Мутахассислар маълумотига кўра, касалликнинг асосий белгилари орасида кучли бош оғриғи, қайт қилиш, қорин соҳасидаги оғриқлар ҳамда тиззаларда оғриқ сезилиши кузатилмоқда. Энг хавотирлиси, дастлабки симптомлар пайдо бўлганидан кейин бир сутка ичида ўлим ҳолати юз бериши мумкинлиги айтилмоқда.

Аввалроқ Конго Демократик Республикаси ҳудудида эбола вируси тарқалгани расман тасдиқланган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса касалликнинг тез суръатларда ёйилаётгани ҳақида огоҳлантирган. Шу муносабат билан қўшни давлатлар КДР билан чегараларини вақтинча ёпган, бошқа мамлакатлар эса аэропортларда санитария-эпидемиология назоратини кучайтирган.

Шунингдек, 20 июнь куни Исроилда эбола вирусига шубҳа қилинган биринчи бемор аниқлангани ҳақида хабар берилган. БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Конго Демократик Республикасида эбола касаллигининг 1000 та ҳолати расман қайд этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар