Марсда ҳайратланарли кашфиёт: илк мураккаб органик излар аниқланди

NASA’нинг Perseverance марсоходи Марсда илм-фан учун жуда муҳим бўлган навбатдаги кашфиётга эришди. Олимлар тахминан 3,7 миллиард йил аввал мавжуд бўлган қадимги кўл ҳудуди — Езеро кратеридаги жинсларда макромолекуляр углеродни аниқлади. Бу Марс юзасига энг яқин қатламда қайд этилган энг муҳим органик модда топилмаларидан бири ҳисобланади. Тадқиқот натижалари Science Advances (SA) илмий журналида эълон қилинди.
Маълум қилинишича, тадқиқотчилар Неретва Валлис дарё канали ҳудудида жойлашган “Брайт-Эйнджел” очиқ жинсларини ўрганиш учун марсоходдаги SHERLOC илмий асбобидан фойдаланган. Текширилган жинслар орасида қоплон терисини эслатувчи доғли нақшлари билан машҳур бўлган “Шайава Фолс” мергель тоши ҳам бор. Илгарироқ айнан ушбу доғлар унинг биологик келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди.
NASA Реактив ҳаракатланиш лабораторияси астробиологи Кайл Ускертнинг таъкидлашича, ишлов берилмаган тоғ жинси юзасида макромолекуляр углероднинг аниқланиши Марс юзасидаги энг юқори қатламдан топилган органик моддалардан бири ҳисобланади. Бу эса органик бирикмалар нисбатан яқинда очилиб қолганини ёки улар фотоҳимоя хусусиятига эга минераллар таъсирида яхши сақланганини англатиши мумкин.
Мутахассислар қайд этишича, углероднинг спектрал хусусиятлари ҳам абиотик манбалар — метеоритлар ёки гидротермал жинсларга, ҳам биотик манбалар — микроб матлари ва тошкўмир каби органик ҳосилаларга мос келади. Шу боис, ҳозирча ушбу моддаларнинг аниқ келиб чиқиши ҳақида қатъий хулоса чиқариш имкони йўқ.
Сайёрашунослик институти геологи Эшли Мерфининг айтишича, мавжуд маълумотлар углероднинг манбасини аниқ белгилаш учун етарли эмас. Шу сабабли унинг биологик йўл билан ҳосил бўлгани эҳтимоли ҳам ҳозирча истисно қилинмаяпти.
Олимлар фикрича, ушбу сирга тўлиқ ойдинлик киритиш учун Марсдан олинадиган намуналарни Ерга олиб келиш ва уларни замонавий лабораторияларда чуқур таҳлил қилиш талаб этилади. Агар келажакда ушбу органик бирикмаларнинг биологик келиб чиқиши тасдиқланса, бу инсониятнинг Марсда ҳаёт мавжуд бўлган-бўлмагани ҳақидаги тасаввурларини тубдан ўзгартириши мумкин.






























Изоҳлар 0
…